
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ФИҚРА - 99
Ноўрин бахс,
дўстимни душман қилди.
Ичим тўлиб кетди, ичикканимдан...
Қўрқинч –
қўрқинчли одамга ҳам бегона эмас.
Сен бу дунёда ҳеч бир янгилик қилмадинг,
мен ҳам...
Бизни момолар қўлладилар, холос.
Инсон ўзини севиш керак, тўғри,
аммо, севги туйғусидан ортиқ эмас-да!..
Саволингни тўғри бер,
жавоб истасанг.
Қўйнингда нонинг бўлмаса,
ортингдан итинг ҳам эргашмайди.
Кўпдан қуён қочиб қутулолмас, деганлари рост, чунки, қувганларнинг ҳаммаси ҳам мен тутсам, дейди-да уни.
Ҳаёлингга турмушга чиқдим...
Осмоннинг остида ҳамма нарса омонат.
Мангулик – ернинг тагида.
Суҳбатнинг энг қизиғи –
ўзинг билан ўзинг қурганинг.
Энг юксак мартаба -
ўзингга ҳукмронлик қилиш.
Ақлли одам – оёқлари от каби
чопқир бўлмаса-да,
манзилига тезроқ етади.
Саломнинг алиги бўлгани каби
жавобсиз қолмайсан.
Кичик нуқсонларингни фақат,
«катта»лар кўрадилар.
Эй, инсон, сен даҳосан,
аммо нима яратган бўлсанг ҳам,
у сендек мукаммал эмас.
Ўзингдан ўргилай, Аллоҳим, ўзинг билан овора бўлиб, ўзимни топдим.
Қулоқларим шивирингга ўрганди.
Бойнинг аҳмоқлиги эриш туюлар экан, одамга,
қашшоқнинг донолиги каби...
Қамиш ўсди қудуқда, бироқ,
най қилиб найланмади...
Энг юксак лавозим –
севилмоқ!
Ўзганинг мансаби –
иссиқ ноннинг ҳидига ўхшайди.
Иштаҳангни очади-ю, тўйдирмайди.
Донишмандлик – баланд девор.
Ундан ҳар ким ҳам мўъралавермайди.
Ақл ҳайвонда ҳам бор,
фақат у мақтанишга уялади.
«Поданинг ўртасида бўл!» - дейдилар.
Менинг эса, сира, подага киргим келмайди.
Бермасанг - ололмайсан.
Йўқотмасанг - топмайсан.
Дарахтлар-
дунёдаги энг сўнгги беминнат одамлардир.
Дилимни қийнаган нарсаларни
қийнаб ташладим...!
Кунини санаган одам
тез қарийди.
Аёлнинг душмани –
раҳмдиллиги.
Ижодкор - машҳурлигидан
қарз бўлиб қолмаслиги керак.
Руҳ - Аллоҳники, тан эса тупроқники.
Шундай экан, улардан қай бирини унутсанг,
эгалари олиб кетиб қоладилар.
Эркак кишининг хотини – хоҳишидир.
Ақлли одам қонунни бузмайди,
қонун нодонлар учун ёзилади.
Сохта тилло –
соф тилло борлиги учун пайдо бўлган.
Шубҳа -
шайтоннинг нони.
Янгиликни тан олмадингизми,
қарибсиз, дўст!
Ҳар бир нарсанинг баҳоси қанча турса,
шунча ҳақ тўла, асло орттирма!
Тақдир гўё денгиз. Унинг тўрт қирғоғи бор:
ақл, илм, соғлиқ ва ҳусн.
Ҳамма нарсадан ёмонлик топадиган одамни унут.
Қизиқ,
урушга ҳамма ҳам бормайди.
Ўз тилини унутганларга,
Ватандан кетиш осон..!
Муҳаббатнинг томирида
Кавсар оқади...
Севган киши- мубталодир,
озод бўлолмайди ўзидан...
Тафаккур ухлаганида –
ошқозон уйғонади.
Маслаҳат – иккиланишдир.
Гумон – умиднинг қотили.
Бу дунёни тор қилмайлик,
тор фикр билан...
Йиғлагинг келаётган бўлса, aяма юрагингни,
Дарё тоғу тошлардан бошланади.
Қизиқ экан дунёси: ақлинг етилган сари,
тананг букчаяверади.
Севган касбинг – халоскоринг!
Феълингни ўзгартирсанг– тақдиринг
ўзгаради...
Шоҳ ва гадо...
Гўё зидга ўхшар бу икки сўз.
Аслида Шоҳ кимҳобдаги Гадодир.
Фарғонада Иқбол Назарни ҳеч ким танимас эди. Ўлди!
Негадир йўқлаб қолишди, шоирни.
Айтганингни ҳаммасини қил,
Қилганингни айтмасанг ҳам бўлади.
Ўйлашдан аввал ўйладим…
Ўқилмаган Қуръон,
Йўқланмаган сингилдек ғарибдир
Ҳайрат – тириклигинг ҳақидаги хабар.
Сени ўргандим,
Алифбе каби.
Дунёни сипкориб, мазасини билмадим.
У очлигидан эмас, очкўзлигидан ўлди.
Бу оқ, бу қора, демоқ учун, аввало,
оқ ва қора рангларни таниб олиш керакдир!...
63.
Кечишни билган, ютишни ҳам билади.
Туғилган онимиздан бошлабоқ,
қарий бошлаймиз.
Ошқозонимиз - ҳайвонлар,
паррандаю даррандаларнинг қабристонидир.
Ҳасад –
Шодликнинг якуни.
Куз ёшингни факат
энг якинларинг тўка олади.
Нафс
хорликнинг бошидир.
Энг катта хато
хатони тузатмаслик экан.
Тоғларга боғланма, тоғлар қулайди,
дарёга боғланма, дарё қурийди,
сен қўнгилга боғлан...
Соғинчнинг давоси – соғинч!.
Эзгулик –
ботқоқдаги олтиндир!
Авваллари эрим мени шеъримдан қизғанарди,
энди эса, шеърим –эримдан қизғонадиган бўлди.
Шоир уч ҳолатда ёзолмай қолади:
ўзидан қониқса, мақтовлар гирдобида қолса
ва ёки руҳан ўсса.
Ўзимники бўлмаган
ҳамма нарсадан воз кечдим.
Ўзимни бирам, соғиндим,,,!
Шароб тутган қўлларинг билан
узумзорларни ҳам парвариш қил.
Биргина сўзингдан бахтли бўладиганлар олдида
қарздорсан!
Ишқнинг дарчасидан чироқ кўринса,
йўлларинг ёритар...
Сочининг узунлиги
хаёлини чигал қилди...
Эски суратга қараб,
эскирганимни билдим...
Ёлғон -
ёлғончига ростдек туюлади.
Экиндан бўшаган далалар, хўрсинади маюс,
қизини узатган отага ўхшаб...
Қорайиб турган ҳамма нарса қора эмас экан,
оқ ҳам оппоқ бўлмагани каби...
Саждага бош қўйсам,
одамлигим эсимдан чиқади...
Эсламоқ чорламоқдир.
Мақтов -
одамийликни ўлдиради.
Ошкора эҳсон
Уй қуриб, яшамасликдир!
Қалбингда
қирқ булоқнинг суви оқсин!
Беҳуда одамлар учун,
беҳуда сўзлар ҳам кўп, дунёда!
Кимга ишонсанг,
ўшанга хизмат қиласан.
Юртнинг қўрасидаги қўйни бўри еб кетса,
унинг сўроғини подшоҳдан сўралиши, қизиқ
Ярамайди бу пичоқ ҳатто, қовун сўйишга ҳам,
мардикор аёлнинг эрига ўхшаб.
Мақтовга ўрганган одам,
кашандага ўхшайди,..
Шеър – ходиса, у рўй беради, худди шамол,
ёмғир, чақмоқ ва ёки ўлим каби.
Бурч –азизим, хафа бўлма,
сени ҳамма ҳам яхши кўрмайди!
Турналар қайтдилар, баҳорсиз!..
Боримни бердим, боламга,
ўзим ҳам қолмадим... ўзимда...
Тафаккур, дарвозангни оч!
Жаннатингни бир кўрай!