
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ТАСБЕҲ 99
Эй, Худо!
Огоҳ қилмадинг, нега?
- Кузни юбордим!
Кабутарни ҳарчанд,
Қўлга ўргатганинг билан
Қочишни кўзлайди, у.
Қоронғуликда,
Кўзойнак излаган кимса –
Кимсасиз, кимса!
Хаво, сув, қум,
Яхшиям, тошни яратдинг,
Хайкал қўйдинг ўзингга!
Аллоҳни севишда одам
Одамликдан ўтиб кетди...
Фаришталар рашк қилди...
Мусаввир –
Руҳнинг расмини чизади,
Шоир эса, гаплашади...
Зиёрат бозорига бориб,
Руҳингга
Янги кўйлак олиб бер!
Қўрғонларнинг номи қолди, ўзи йўқ,
Номининг ўзи ҳам
Қўрғондир бу кун!
Карвон қўнғироғи келар мозийдан,
Бу садо нақадар таниш...
Аждодларим чалар дубулға!
Тун. Ётоқ, шошаман,
Ёстиғим остидаги,
Китобхонамга!
Тўсиқ қўйманг, менга,
Ичимда
Аждаҳом уйғонар..!
Пайсалга солди, у ҳамма ишини,
Ҳеч кимга фойдаси тегмади, бироқ,
Ўлимини пайсалга солаолмади...
Уйқудан оромни олади бемор,
Уйқуга солади ўзини ғаддор,
Ҳаммага паноҳсан, уйқу!..
Қуриган шохларни бутаб, ёқиб юборди,
Чарсиллаб ёнди новдалар...
Хомуш тортди дарахт!..
Қарилик –
Орзуларнинг,
Тугаб қолиши!...
Осмон –бепаён, ҳаёл-бепаён,
Кўнгил-бепаён,
Севгига жой йўқ?..
Ҳаётнинг ичида туриб,
Ҳаётдан ташқари ҳақида ўйлаймиз,
Нуқул!
Соғмисиз, дўстим,
Бемормисиз, ё ?
Аросатда бўлмасангиз, бўлди!
Унинг
Ҳайқириғи-
Жимлиги эди...
Тўрт фаслни ким ўйлаб топди,
Исми ҳам тўрт хил! Бу нимаси ахир,
Аллоҳнинг ҳар куни баҳор эмасми?!..
Ким бахтни истамайди, ким?
Муҳими -
Бахт ҳам уни исташи керак!
Эврилади дунёлар,
Эврилади тиллар ҳам,
Янги сўзнинг ўзи йўқ!
Заруриятдан туғилар бари,
Керак, деймиз, ҳаммасини ҳам,
Заруратни яратган ҳам биз!..
Чумолининг уясин бузиб,
Томоша қилади одам,
Одамни эса, Аллоҳ!..
Икки ярим, бут бўлар,
Бирлашса агар,
Фақат, эр-хотиндан бошқа!
Борига-шукр, йўғига- шукр,
Шукрга ҳам,
Шукр!
Юрагим билан ўйлайман,
Ҳақиқатни,
Миям билан эмас!
Саодат –
Машаққатнинг,
Синглиси!
Сув буғланиб кетгани каби,
Сўзингнинг тоши қолди,
Холос!..
Бир зумда содир бўлар барчаси,
Шошиб қоласан, баъзан,
Зумдан ҳам баттар!
Илинж, сўзларинг ёқимли,
Бирам чиройли куласан...
Кетма, ёнимдан!
Қизиқ,
Ёлғиз қолгангни кўриб,
Фаришталар жилмаяр...
Буюк далдангни бер, Худойим,
Ўлимдан кейин,
Ўлим йўқ! – дегин!
Тўрт фаслга шукр қилган,
Дарахтларгина,
Омон қоладилар...
Бағримга босаман,
Эҳтиёт қиламан авайлаб –
Мени юпатадиган сўзингни!
У жимгина яшади,
Жимгина ўтди...
Дунё ҳам жимиб қолди...
Ақлда омонлик йўқ,
Тиним ҳам йўқ, шўрликда...
Кўнглим, ундан кетайлик, йироқ!
Опасини кўргани боролмаган сингилдай,
Мунғайиб туради –
Тувакдаги гул.
Юрагим ғаш...
Тўлмайди кўнглим,
Дарз кетган кўзага ўхшайман.
Мўъжиза яратмоқ учун,
Ускуна шарт эмас,
Шеър ёзолсанг, бас!
Тонгдан аразда эдим,
Кўришмасдик ҳеч қачон,
Бугун уни кечирдим...
Қари толни кесдилар,
Танаси кавак эди, аммо,
Сояси қуюқ эди...
Дунё чарчади,
Дунёхўр
Одамлардан!
Темур: тўқсон икки уруғнинг,
Бош бўғинимиз!- дейди, ҳайқириб,
Бир томирга шунча уруғ?!.. Ҳайҳот!
Меҳмоннинг иши- келмоқ,
Мезбонники-кузатмоқ,
Аллоҳ солар дастурхон...
Исён кўтараман ва
Инқилоб қиламан, ҳар тун,
Ўзим устимдан!
Бургут, жуфти ўлса,
Ёлғиз яшар экан...
Одамдан анча фарқи бор экан.
Ҳамма уни унутди,
Эсламай қўйдилар хатто, болалар,
Худонинг эсидан чиқмади...
Ичида,
Денгиз кўпиради –
Маюс одамнинг..!
Ўғирлик қилди – нафс,
Қўлга тушди,
Хибсга олдим, ўзимни ўзим!
Қишда ҳам қор бермаган одамнинг,
Боғида ғарқ пишди шафтоли,
Юраги эзилиб ерга тўкилди...
Марсга интилганлар,
Ойга қўл чўзганлар, айтинг,
Ерда аҳволингиз қандай?!.
Оддийлик, қанчалар, гўзалсан,
Афсус, сени менсимайди-да,
Мураккаб дунёнинг мураккаблари..!
Сабрни ёмон кўриб қолдим,
Сенга,
Сабр қилавериб!
Олмалар пишди, интиламан, қўлим етмайди,
Бир тепсам, тўкилар, биламан, аммо,
Қўлларим муродига етмайди!..
Эҳтиёткор эди у, эҳтиёт куларди,
Эҳтиёт туш кўрарди, хатто, лекин,
Бу феъли ҳаммаги вайрон этарди...
Хафа қилиш осон,
Хафа бўлиш ҳам...
Кечирим хал қилар унинг умрини.
Учиб кетганингга ҳам,
Қайтиб келганингга ҳам,
Ҳайрон бўлмайман, Лайлак!
Кузнинг ҳар феълига чидаймиз, аммо,
Дарахтларнинг кўйлагин йиртгани қизиқ,
Бу энди – хурмача қилиқ!
Болалик дўстим,
Бир сенинг олдингда,
Ёшимни унутаман!..
Бўшатди-бўйинбоғин, бўшатди-сийнабоғин,
Бирлашишди булутлар...
Ёмғир ёға бошлади.
Товус-жаннат қушисан, қани эди,
Қанотинг остида ухласам,
Товушинг беради халал!
Энамнинг уйи... Сандал... Шифт тоқисида
Пишиб ётарди, беҳи, анор, узум, солланиб...
Қишнинг қоқ ўртасида!...
Карнай фақат,
Бир тилни билади –
Ўзбекчани!
Эссиз, унинг миллати –
Ўз бек эмас,
Ўз қулга ўхшайди!.
Лочин бўлсанг ҳам,
Баланд учолмайсан,
Полопонларинг бўлса!..
Почтачи амакини ҳамма кутарди, аввал,
Хатлар, газеталар...
Тўрваси тўла хушҳабар бўларди унинг...
Бола бойлаган бешикни,
Дуолар
Тебратади...
Жиғилдон борки,
Виждонга
Кун йўқ!
Мен унинг,
Нафақат, қалбида, балки,
Кўзида ҳам яшайман!..
Рўдапо фикринг,
Рўдапо кўйлагингга,
Бирам ярашибди...
Яхши дўст нонга ўхшайди,
Еган сайин,
Меъдангга тегмайди.
Сув келса симириб,
Тош келса, кемириб,
Қорин тўйғазди, у!
Ҳаёт – кураш! деганлар,
Қачон яшар эканлар,
Билмам?!
У жуда кучли экан,
Дўстидан кейин ҳам,
Яшамоқда-я?!
Шеърни шархламоқчи бўладилар,
Олимлар,
Алжирай бошлайдилар, шўрликлар...
Бу қоғоздан,
Шовуллаган ўрмоннинг,
Овози келяпти...
Қари чинорлар,
Зерикиб кетмасмикин,
Тенгқурларисиз?!
Ухламасликка-ку, ўргандим, мана,
Ўйламасликни,
Нима қилсам экан?
Ўйинда кимдир ютади,
Кимдир ютқазар...
Ўйин асли ҳеч ўйин эмас!
Ёмғир кўп ёғди,
Ғуборларни ювиб бўлди, батамом,
Ерга сингиб кетсалар бўлди!
Яхшики, ўчиб кетар хотира,
Яхшики, ёзилмайди ҳақиқат,
Йўқса, Чўлпон қотилин билиб қолардик!
Авлиё мозоридан нурлар ёғилар,
Ажабо, зиё қолиб кетармикин,
Бош чаноғида?!.
Тоғлар ковагида яшайди каклик,
Сайрайди, сайрайди... Афсус,
Тошлар орасида қолар овози...
Рақибнинг кўзи билан,
Қарадим, ўзимга,
Бирам, қўрқиб кетдим...
Соатсоз қанийди,
Бузилган вақтни ҳам,
Тузатиб берса!
Қуёш ботаётганда,
Шафаққа қараманг, ҳайрон,
Бу ёлғон суврат!
Бу ўлкада яйраса бўлар,
Бу ўлкада йиғласа бўлар –
Бепоён кўнгил...
Ҳайбатли кўринар қилмаган ишинг,
Битгандан сўнг,
Ҳайбатли кўринасан унга!
Самога арзингни айтиб чарчадинг,
Юлдузлар ҳам охир кўринмай қолди,
Одам олар, одам дардини!
Мен сизга ёзмаган хатимни,
Сиз менга бермаган жавобни,
Йиртиб ташлайлик!...
Мени кечир,
Бир зумга,
Худо бўл!..
Булбул ўзини кўрсатмай сайрайди,
У шундай куйлайди-
Бетаъма!..
Паришон юзингга боқиб,
Кўзларингга қарайман-
Бир нуқтани топган-кўзингга.
Бўйнидаги маржонини,
Аста ечади, аёл,
Ишга кетаётиб...
Сен отган тош,
Қиррали экан,
Юмалаб кетмади юрагимдан...
Сабр қилолмади, у,
Исми
Собир бўлса ҳам!
Қоя,
Нега ёлғизсан,
Тош супангда ҳеч ким йўқ?!
Баъзида тушимга киради Машраб,
У билан дайдиман дала-даштларни...
Уйғониб шеър ёзаман, яйраб!