
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ФИҚРА - 11
Шоир-шамолда шам кўтариб кетаётган
кимсадир.
Шоир-ўликлар ичинда тирик, тириклар
ичинда унут зотдир.
Кимки ўзгаларнинг иқтидорига, ютуғу омадига тан бермас экан, қойил қолмас экан,
худонинг бир неъмати деб қарамас экан, у-осийдир.
Шоир-бахтсизлар юртининг султонидир.
Кимки мангуликка ишонмас экан, оламни
қайта-қайта қайтишига,бу олам ичра инсонлар
ҳам қачонлардир яна тупроққами,япроққами,
майсагами, капалакками айланиб, яна қайтиб
келишига ишонмас экан у ШОИР эмас.
  *******
  **Шеър – йўргакдан аввал теккан дарддир.**
Моддий дунё билан руҳий дунё ўртасида
парчаланиб, парчинланиб яшаётган
инсон - Бу Шоирдир.
Шеър- ҳайратлар вулқонидир,
сачраган жойни куйдиргувчи ўт.
Шеър - дардли юрак гавҳаридир.
Сен-ку, сен-а. Мен учун мана шу гарданимни
тўсиб турган бир дона тугмамни йўқотиш ҳам жуда оғир.
Мен байрамларни ёмон кўраман,
чунки улар сенинг инон ихтиёрингсиз,
ҳолатингу кайфиятинг билан ҳисоблашмай келади. Дилинг азада-ю кунинг байрам бўлиши шарт.
Шунинг учун ҳам уни тезроқ
ўтиб кетишини хоҳлайсан.
Байрамларсиз ҳам яшамоқ хўрдикдир.
Мен бошқа, сочингнинг учидан тирноғинггача
жон бахш этадиган байрам топиб олганман.
Бу - дийдор байрамидир.
Сен соғинган ва сени соғинганлар дийдори.