
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Тасбех 6(11)
Тасбех 6
ТАСБЕҲ 11
Қарилик-
Мажбурий-ихтиёрий –
Қотиллик!..
Денгизнинг тушига кирар томчилар,
Ҳайқириб қўяди, шундан беомон-
Айрилиқ ёмон!
Сени тортиб кетди, чанғи‑арава,
Кийиклари шохдор, учқур ва ёвқур,
Сенга етмоқ учун энди қор бўлишим керак!
Кокиллари солланиб,
Мажнунтоллар йиғлайди...
Наҳот, йиғлагани келган бу дарахт?
Бугунги ёлғонларни кўриб,
Тарихга ҳам,
Шубҳам бор...
Бир парча қоғозни
Тарозига қўйдим,
Менинг қадрим енгил келди...
Ақлдан ташқари, фикратдан ўзга,
Нима ҳам қоларди, беназорат,
Бир Ишқдан бошқа?!.
Қилдан ҳам ингичка,
Қилдан ҳам нозик,
Кўнглингни олиб кет, бу занжирзордан!
Қайдадир сени деб, яшайди кимдир,
Сен эса беҳабар, худди,
Ҳеч кимга керакмасдек яшайверасан...
Сени тўлдирмаган,
Яриминг –
Момо Хавво эмас!
Сенга кераклигим –
Менга
Жуда ҳам керак!