
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Тасбеҳ 33
Бир коса ош бердим,
Қўшнимга,
Ҳайитни кутмай.
Жиянинг жигардан бўлар экан,
Меҳри,
Қонингни тозалайди.
Уйқудан
Кечганларнинг -
Муроди уйғоқ!
Кўчалар бўм-бўш, аммо,
Дунёларинг тўлдириб турибди,
Уйдаги ҳаёт.
Атирни
Биров учун эмас,
Фикрим учун сепдим
Юзимни ювиб
Ҳар саҳар
Шукр сочиғига артаман.
Сендан келган хабар,
Барчаси,
Хушхабардир!
Ёлғизлик -
Гапиришни
Унутаёзганинг!
Онамнинг қабридан
Мўралаган чумоли,
Сенчалик бўлолмадим.
Ўрик гуллаб, ғўра тугди,
Эссиз,
Дарахтга чиқишни билмас болалар.
Пулингизни
Қутида эмас,
Эҳсонда сақланг.
Мукофот,
Бунча туринг кўп:
У менга жилмайди.
Бегонага ўхшайди,
Тили бошқа
Набирам!
Вафо,
Сен вафони
Ўлимдан ўрган!
Рўза тутишдан аввал,
Тоат тулпорини
Тут!
Энг кўҳнаси АЛЛОҲдир!
Чунки,
уни ҳеч ким яратмади.
Эшик ўз вазифасини қилгани каби,
Кўнглимни ёпдим,
Сенга!..
Болаларинг ичида
Юрагингга яқини -
Меҳрсизи экан!..
Кунинг ўтганига эмас,
Ўтмаганига
Қайғур!
Мени кутиб,
Эскираётган туфлим,
Оёқларимни дуо қил!
Сўрғичини оғзимга тутади,
Набирам,
Илиниб…
Болам, сени-ку, биламан,
Аммо,
Сен, мени танийсанми?..
Бу дафтар бахтли экан,
Фақат шеър ёзилади,
Пешонасига.
Ёзолмай қолсанг қайғурма,
Шоир,
Кўлмакнинг суви ҳам тиниши керак.
Тилинг кесилмаслиги учун,
Қалам,
Учини синдириб туради, гоҳида...
Зоримни эшитар, шамоллар, қушлар,
Коинот тинглайди, ажабо,
Бир сендан бошқа!..
Севги
Нималарга қодир эмас,
Гуноҳдан бошқа.
У ийманибгина,
Иймантириб олди
Дунёни.
Пардасини ёпади саҳна,
Сўнгги томошабинни кузатиб, дейди:
“Ҳайрият, ишонтирдим, ёлғонларимга!”
Булбулнинг иши йўқ,
Уни ким тинглагани билан,
Нақадар, донишманд булбул!
Оллоҳим,
Мени кечир,
Ёлғизлигим учун!..
Бугун борлигинг учун,
Менинг ҳам,
Эртам бор!
Заифнинг кучи,
Фақат,
Заифага етади!