
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ТАСБЕҲ 4 (11)
ТАСБЕҲ 4
Тасбеҳ 11
Шарпа…
Орқамга қарайман,
Ҳеч ким йўқ..!
Ҳар кеча ёстиғим ғавғо кўтарар,
Рашк қилади мени,
Қоғоз, қаламдан.
Умримнинг
Ярмини қоғозга бердим,
Ярмини эса шамолга.
Остонага кимдир келди,
Таққиллатди, қаттиқ, мушт билан,
Очиб қарасам...Қарилик!!!
Танам сув,
Умрим сув...
Чанқоқман бирам.
Сенга салом берган одамдан,
Оллоҳга
Салом айт.
Ишқсиз
Яшамоққа ўрганган одам,
Овқатсиз яшолмайди.
Бунча қийин,
Одамзод,
Одамни севишинг?!.
Бўри бўрини емайди, қизиқ,
Тулкининг ҳам қотили бошқа,
Қачон тўхтатасан, одам, одам овлашни?!.
Мажлиснинг бошидан кўра,
Охири қизиқ -
Тугаши яқин.
Йиғлаб турган юракка,
Саҳролар керак,
Дарёлар эмас!