
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ТАСБЕХ 99
Борлиғимча
Сиғолмадим
Борлиққа.
Бугун оламшумул бир
Ҳодиса бўлди -
Кўнглим хотиржам...
Шу тугунни ечмайлик, қўй,
Тугунлигида қийнаган,
Тугунни
Кийганинг эмас,
Кийдирган кўйлагинг,
Эскирмас экан.
Ёнимда тутаб нима қиласан,
Менинг нафасимдан
ёнмаган дарахт.
Санамларга сиғиниш даври,
Ўтиб кетган,
Сен қайси ғорда қолгандинг?!
Сен ногаҳон, эсимга тушдинг,
нон сўраган
гадони қўриб...
Одамзод – қудуқ, аммо,
Афсус,
Унда қамиш ўсмайди.
Юрагим ёнмади,
Анчадан буён,
Гулханийлар шеърлар ёзмайди.
Одам-туфроқ.
Тўғрироғи Эркак туфроқ.
Воҳ, бу дабдалар нимага?!
Ёмғир ёққан кечада
Ухламоқ -
Гуноҳ !
Шошиб кетаётган одам,
Йиқилиб тушди, ногоҳ…
Афсус, у ёлғиз эди.
Даюснинг тури кўп экан,
Мана, яна биттаси -
Севгисизлар!
Кўкрак кериб юриш
Одамга ярашмайди.
Ақалли чивиндек учолса экан...
Отаси кетиб,
Бирдан,
Ота бўлиб қолди, ўғлим.
Қор кўп ёғди,
Итлар ҳурсанд вовуллайди,
Уларга отиладиган тошлар кўмилган.
Тақдирни исм бошқаради,
Ишонмасангиз,
Отингни бошқа қўйинг.
Ерда ҳаёт тугайди.
Бу мантиқнинг ниҳояси.
Мантиқнинг боши нима эди?!
Кимдир ёқут, кимдир забаржат қидирар.
Кимлардир зуммурад...
Оҳ, нақадар буюксан, оддий тош.
Райҳон! Исмингни ким қўйган,
Ким ҳидлаган сени биричи бўлиб
Оллоҳдан кейин?!.
Баҳор келди,
Ажабо,
Тувакдаги гул ҳам уйғонди.
Мени кузга топширди Август
Аямади, дўстим бўлса ҳам
Этагимга ҳазон илашди.
Мен кўнглинг мулкида
Гавҳарингман...
Ўртамизда ўғри бор.
Ёмғир, ёғсанг
Ерга ёғ,
Юрагимга эмас.
Сенинг кучинг билан
Тоғларни талқон эмас,
Талқонни тоғ қилиш мумкин.
Яна қанча турасан,остонада,
Кирақол,
Муҳаббат.
Саробни тутиб бўлмас,
Меҳринг каби
Қувсанг, қочади у...
Сенга
Кўнглим берай десам,
Жой қолмабди....
Соғиндим...
Сени эмас...
Соғинчни...
Шеър ёзмай юриб,
Занглаб кетдим,
Занжирда.
Во ажабо,
Нега сени яхши кўраман-
Кечирмоқ.
Мени алданг,
Севги бор! денг,
Кўнглим алданишга мойил турибди.
Осмон тўнтарилиб қолди,
Юлдузлар дув-дув тўкилди,
Акам вафот этди..!
Одамзод тезроқ ўлмоғи учун
Яшамаслиги керак экан.
Ўзи учун!
Ҳавонинг қадрига, нурнинг қадрига,
Сувнинг... Вақтнинг... ва
Сизнинг қадрингизга етмадим, ака!
Бир умр бировнинг ҳаққини еб,
Яна ҳақ талашар,
Ҳаққи йўқ одам.
Сен бошқасан, мен бошқа,
Айро-айро қисматимиз ҳам,
Яхшиямки, синглим эмассан.
Бунчалар тор экан,
Кўкрак қафасинг -
Сиғмадик иккимиз.
Одамзод қонун чиқарар,
Ёзади, чизади, тўқийди...
Ҳукмни эса Аллоҳ ўқийди.
Атрофингни еб, ютиб бўлдинг,
Тирик дил қолмади ёнингда -
Жоҳила!
Суқланиб боқади тўрт девор,
Афсуслар чекади кесаклигидан,
Сен мени қучганларингда...
Тоғ чўққисининг жозибаси,
унга етгунга қадар,
Холос.
Сени кутдим,
Челагимни,
Бўш қудуққа ташладим.
Баъзан қаттиқ кулсанг,
кўзинг ёшланар,
Қизиқ, бу ниманинг белгиси экан?!
Ҳаёт!
Сени яхши кўраман,
Ҳаётлигим учун.
Оҳ, мана,
Вақтнинг танобини тортдим:
Кўнгил ҳаловатини топиб.
Елкамда кимдир шивирлайди,
Тортишиб қоламан баъзан у билан.
Шеър ёзаётиб.
Кўнглим тўлмаганида эди,
Ёрилмас эдим,
Анорга қўшилиб.
Юрагим тўляпти меҳрингга...
Бўш хонаси қолмади,
Энди, ижарага жой йўқ, бу ерда..
Иффат-
шафтолининг пўстлоғи,
Арчисанг оқиб кетади.
Мен қиролича бўлмоғим учун,
Сен қирол бўлишинг
Шарт эмас.
Сукунат,
Овозинг бунча гўзал -
Соғинган қўшиғим.
Сени мендан, мени сендан
Айирган сўз,
Луғатларни булғама!!!
Сотқин сарбозларидек,
Ҳиёнатга шай турар -
Ғалабасиз фармон.
Кўнглимни кўтариб,
Сен кетдинг, дўстим,
Аршнинг йўлига.
Хотинини уриб-уриб
Масжидда намоз ўқигани, қизиқ,
Эркакнинг?!
Йигит бошинг билан
Аёл бошимни
Эгма!
Кун бўйи мен билан юриб,
Ҳориган кўйлагимдан
Узр сўрайман.
Мени кечир ўсма, ўсмажон,
Сенда айб йўқ,
Акам ўлиб қолди...
Бошимни хукмронга эмас,
Йиқилганни турғазмоқ учун
Эгдим.
Одам Атонинг, Момо Ҳавво қулоғига
Шивирлаган илк сўзларини,
Эшитдим, бугун сендан...!
Сўнгги йўловчисин,
Елкасидан улоқтириб,
Лапанглаб қочади тунда трамвай.
Бир умр сўзлаб,
ҳеч нарса айтолмадим
сенга.
Гулга қўнган ҳашоротлар ичида,
Фақат асаларигина,
Бол ичади, ажабо!
Осмоннинг йироқлигию,
Ернинг қаттиқлиги билинмай қолди,
Сен келиб.
Итининг феълини
Эгаси билади,
Эгасининг феълини ити ҳам билмас!
Сиз қаерда эдингиз,
Мен
Ҳеч кимлигимда?!
Сабоқнинг
саноғидан
адашдим.
Куракларим
Силаганингиз сайин,
Қанотларим ўсиб чиқмоқда.
Шамолнинг кучини,
Дарахт билгани каби,
Сенинг йўқлигинг менга билинди.
Мени агар шундай севаверсангиз,
Севаверсангиз...
Фариштага айланишим аниқ.
Ҳей, бир дамлик чақмоқ,
Сендан,
Дарахтлар қўрқмайди!..
Кул тагидаги чўғдай,
Пайдо бўлдингиз,
Энди қиш хавфли эмас.
Жаннатни кўзлаб қилган
Ибодатим – таъмадир.
Дўзахдан қўрқишим – ҳақиқат!
Кўзинг
Хиралашгани сайин,
Дунё ёрқинлашаверар экан...
Мақтовга ўрганган одам, циркдаги
Чақмоқ қандга ўрганган
Йўлбарсга ўхшайди.
Кўнгил фанидан бошқа,
ҳаммаси –
буюмшуностлик.
Кўчанинг совуқлиги,
Уйнинг иссиқлиги -
Феълимга ўхшайди...
Ҳар дам,
охири борлиги учун,
Бошидан қўрқдим.
Жанжал чиқарувчи
ҳақиқат –
ёлғондир.
Агар,
Чин дўстинг бўлса,
ошналаринг кўпаймас.
Азим шаҳар,
Кичик бир қишлоққа айланиб қолди,
Миш-мишлар туфайли.
Она,
Бахтсиз боласининг
Ҳаётида яшайди.
Ўз фикри йўқ одам -
Бўш қопдир,
Тик қўйсанг, турмас.
Тонглар тинмай ишлайверади,
Тунлар ҳам...
Мен эса бекорман!
Шу кунга,
Шу кунларнинг,
Орзулари олиб келди.
Менинг ғайратимни,
Сенинг лоқайд аждаринг,
Ютиб юборди.
Афсус...
Кўп нарсани билган одам,
яшашни билмас экан.
Тўлди юрак, тошди юрак,
Бу ҳумдонга энди,
Тушолмайди шайтончалар.
Дори ичаман,
Сийлайман танни,
Соғаймайди аммо, бу умр.
Шоирлар кетяпти бирма-бир,
Ўлиб бораётир сўз!..
Йиғламайди халқ...
Соғинчни билмаганлар,
Юрагини едирмайди,
Арслонларга.
Кимдир сендан хафа бўлса,
Шимолинг
Ўша тараф.
Ручканинг пешонасидан,
Ўпганинг учун,
Сиёҳи тугамайди.
Чарчаган белинг-ку,
Негадир,
Бошинг уҳ тортар?!
Жойномозни босиб ўтади,
Болам,
Қўлида телефони билан.
Дарахтларни асра,
Бешинчи фасл -
Ўлим!
Тушида
Саёҳат қилармиш,
Дарахтлар...
Деворда эски сурат...
Индамай йиғлайди...
Хотира каби.