Farida Afrõz Signature Emblem
Farida AfrõzIjodiy Portali
Şe'rlar rõyxatiga qaytiş
Farida Afrõz

Farida Afrõz

Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon

7/3/2025Lirika

ТАСБЕҲ 99

Hajm:
— 1 —

Дўстни фақат ўзинг топасан,

Душман эса ўзи келади.

Икковисиз яшаб ҳам бўлмас.

❦
— 2 —

Совиб кетди ҳаволар бирдан,

Қуёшни ким ўғирлади, ким?

Кимга керак музлаган бағр?!

❦
— 3 —

Жонга тегди жоннинг азоби,

Вужуд зада, вужуд беқарор,

Ақл-нодон ўртада сарсон.

❦
— 4 —

Хайр, дедим, кетмадим, бироқ,

Кетолмадинг... Ҳаммаси аён,

Ошёнга ҳам етибмиз, шукур.

❦
— 5 —

Сўзга чиқди сўзомол тўти,

Булбул бўлди, сайради, чунон,

Аммо исми ҳамон Тўтихон.

❦
— 6 —

Сизсиз бир кун яшайман қандоқ,

Ортингиздан кетди, наҳот, тонг,

Қуёш қачон чиқасан, э, воҳ!

❦
— 7 —

Тўғри, дилим чил-парчин бўлди,

Аммо, узр, ухлаб қолибман,

Бардошимга бошимни қўйиб.

❦
— 8 —

Ошноларнинг баридан кечдим,

Сотиб кетди улар ҳам мени,

Энди дунё ҳаммага етар.

❦
— 9 —

Баҳор.Тонг. Булбул. Во,ажаб,

Тош шаҳарнинг қоқ ўртасида?!

Бироз жим тур, сайрама, соат!

❦
— 10 —

Султонларга топинмайман, йўқ,

Озорларга қоним қўшилмас.

Мусичалар менинг сирдошим.

❦
— 11 —

Хафа бўлма, ахир Одамзод,

Бино бўлган асли ботқоқдан.

У ҳам битта қурбақа холос.

❦
— 12 —

Сичқон-ку, инига сиғмайди,аниқ,

Қизиқ,унга ғалвир не керак!?

Наҳот,элаб ейди харом донини.

❦
— 13 —

Ёнингда бўй етган қизинг ухлайди,

Жилмайиб қўяди, кулдириб тўймас,

Ҳур парилар-дугоналари.

❦
— 14 —

Мўъжизалар калити-инсон,

Аммо, афсус, занг босиб кетган,

Шайтонларнинг бўйнидаги қулф.

❦
— 15 —

Пахса девор.

Тарсиллаб ёрилади

Юракдек.

❦
— 16 —

Сув бўйида бир валий турар,

Яланг оёғини сув яларди,

Кўзлари жиққа сув эди валийнинг.

❦
— 17 —

Париларни пари чалганлар,

Жинларни эса

Жин чалганлар кўради.

❦
— 18 —

Сенга бир сўз демоғим қийин,

Яримта сўз лўғатларда йўқ.

Балиқларга қандай яхши-я!

❦
— 19 —

Кўк соқолли, қизғиш соқолли,

Кўса эди, кал эдилар улар.

Ҳаммаси ҳам Аёлни севиб ўтдилар.

❦
— 20 —

Ухлаётган эркак бошида

Сайраётган булбул -

Бахти қаро Аёл!

❦
— 21 —

Шукрки, сен боқий эмассан, Ҳаёт!

Ҳайрият, сен борсан, Ўлим!..

Яхшиямки, ютиб турасан, Ер!

❦
— 22 —

Биз ҳам бола эдик.

Биз ҳам ёр эдик...

Кейин хор ва кейин...

❦
— 23 —

Заҳар ҳам гўзал неъматдир,

Шарбат ёҳуд шаробдек.

Кел, иккимиз ичайлик...

❦
— 24 —

Дунёни бозорга ўхшатадилар,

Дунёни ҳар нега менгзаш мумкин,

Масалан, ўргамчик тўрига.

❦
— 25 —

Ишқда ҳамма нарса гўзалдир,

Ишқда ҳамма нарса жозибадор.

Ҳатто қотиллик ҳам.

❦
— 26 —

Беш юз йилдан кейин Арофатда

Топишдилар Одам ва Ҳавво.

Ҳавво ўшанда ҳам аразлади.

❦
— 27 —

Оллоҳ мулкида ҳеч нарса сотилмайди.

Сотгувчи ҳам-Ўзи.

Олгувчи ҳам - Ўзи...

❦
— 28 —

Похол ғарамида

Мушук болалади.

Мушукчалар похолини жуда севади.

❦
— 29 —

Бўрон ҳам гўзал,

Тўфон ҳам...

Оллоҳнинг не иши гўзал эмас.

❦
— 30 —

Ялпиз искаб юрар сигирлар.

Шохларида қоқи, зарпечак.

Маъшуқалар...Сигирлар...

❦
— 31 —

Ҳиёнат-

Ёлғиз аёл ёҳуд эр эмас.

Хиёнат - хорликдир...

❦
— 32 —

Бу дарёда ҳурлар ҳам,

Итлар ҳам чўмилаверади.

Шундай буюк дарёдир Бу Ишқ.

❦
— 33 —

Бу зоҳидлар билсалар эди,

Бу порсолар таниса кошки,

Худодан кейин...Аёлни...

❦
— 34 —

Мен сени алдадим:

«Севмайман!»дедим.

Ўзимга эса кучим етмади.

❦
— 35 —

Тун ҳаммани кўр қилди,

Ҳатто энг ўткир кўзларни-да, кўмди.

Тун... Қалб аҳлининг туни...

❦
— 36 —

Кеча ғорда яшадик,

Бугун қасрда.

Эртага чуқурроқ ерда...

❦
— 37 —

Бугун тонгда тирик уйғондим,

Бир коса сув ичдим...

Шукр...

❦
— 38 —

Сен жуда ҳам қудратли эдинг,

Эй, кўлмакда бўғриққан хода,

Дарахтлингда, ерда...

❦
— 39 —

Сиз жон бераётган одамни кўрганмисиз?

Қандай гўзал.

Қандай комил инсон у?..

❦
— 40 —

Мен ҳам адашиб «Ҳақман!» дедим.

Сен ҳам телбаларча «Ҳақман!» дединг,

Ҳақ эса ҳайрон.

❦
— 41 —

Йиртқичлар ҳақида кўп эшитдик,

Ўрмону тўқай, дашт вахшийлари...

Аммо улар биз ҳақимизда кўпроқ биладилар.

❦
— 42 —

Аёл дунёни, дунёни ва яна дунёни севади,

Бироқ ундан-да ортиқ

Озғин ва ношуд эркакни севади.

❦
— 43 —

Ўйладик - умр не?

Ўйладик - ўлмоқ не?

Ўйладик...Бефойда!

❦
— 44 —

Ажабо, сенга тош ҳақида,

Ит ҳақида сўйласам ҳам,

Ишқим ошкор бўлаверади...

❦
— 45 —

Нуҳ тўққиз юз йил яшади,

Кейин қарғади башариятни.

Чорасиз Нуҳ.

❦
— 46 —

Аёл Эрнинг бир бурдаси...

Аммо, Илоҳий жазо

Қовушсалар-да, қўшилиб кетмаслар.

❦
— 47 —

Менинг жуда тарихим узун,

Илдизим ҳам жуда чуқурдир,

Фақа-а-ат пахта экиб ўтмаган отам!!!

❦
— 48 —

Ҳар куни, ҳар саҳар,

Ўзга даргоҳда,

Тақдирнинг ҳовлисин супирар қизим.

❦
— 49 —

«Мен аждарман!» - дейди,

Илоннинг боласи.

Бургут тумшуғида учиб кетаётиб.

❦
— 50 —

Ёлғиз одамдан-да,

Безовта Одам

Бўлмас дунёда...

❦
— 51 —

Мен бир сабабман!

Сен ҳам...

Ўлмоғим ёки яшамоғимга...

❦
— 52 —

Сенинг келишингдан кўра,

Дарахтнинг саёҳат ҳақидаги

Ҳаёллари рост.

❦
— 53 —

Мен кетаман...

Кузатасан жим...

Ортда гумбирлайди юрагинг дарзи.

❦
— 54 —

Келсанг, кел,

Қарий олмаяпман,

Сени кутиб.

❦
— 55 —

Ер ва осмон ўртасида бир манзил бор.

Кел, мен шу ердаман.

Ким билсин, унинг остида ё устидан киммиз?

❦
— 56 —

«Маймундан одамзод яралган»- дебон,

Олимлар банд бўлди, э воҳ, бу ёнда

Одамдан маймунлар туғилаверди.

❦
— 57 —

Қашшоқлик –

Давлатдир,

Нодонликдан кўра.

❦
— 58 —

Қирқ бешга жимгина, ёлғиз, бенаво,

Хотиржам киряпман, лоқайд, бепарво,

Кирган каби худди қабрга...

❦
— 59 —

Сен мендан нари юр, узоқроқ тургин,

Оёғим остида ўралашма, қўй,

Думингни босиб олмайин тағин...

❦
— 60 —

Мени кечир,

Сен учун яшагим келди.

Ўзим учун яшай билмадим.

❦
— 61 —

Одам қандай яшаши керак?

-Мендай! - деди У.

-Мендай! - деди Бу...

❦
— 62 —

Кириб келди яна янги йил,

Сенга яна баттар боғландим,

Баттар зорман, эски йилдан ҳам.

❦
— 63 —

Отам курагида бир ўқ парчасин

Ярим аср асради, азоблар ичра,

Бировнинг ватанин ҳимоя қилиб.

❦
— 64 —

Дўстларимга доим илҳақман,

Кўнглим тўқдир душманларимдан,

Чунки улар жуда ҳам иноқ.

❦
— 65 —

Жисмингни кийиб кетасан ночор...

Аммо, қайтиб келар дарҳол ёнимга,

Менга ўрганган кўнглинг.

❦
— 66 —

Сен мени изладинг,

Мен сени топдим.

Чиндан ҳам ер шари юмалоқ экан.

❦
— 67 —

Майли, юр, кетамиз, аммо,

Давлатим йўқ, сенга бергулик,

Фақат битта вақтимдан бўлак.

❦
— 68 —

Ҳиёнат қилди у,

Ўлдирдилар, сувга отдилар ,

Тупириб ташлади денгиз ҳам.

❦
— 69 —

Ўзимни юпатишнинг

Йўлини топдим -

Янги кўйлак кийдим.

❦
— 70 —

Шоҳимардонни сел босгач,

Бир масжид омон қолди.

Масжидда ҳеч ким йўқ эди, афсус...

❦
— 71 —

Сени ўша севмаса, севмас,

Фожеа ундамас, бу якун эмас,

Ўлиминг - тириклик...

❦
— 72 —

Улар бирга яшайдилар, тўқ,

Сизлайдилар бир-бировларин,

Ҳар неси бор, СЕВГИдан бошқа.

❦
— 73 —

Аёл уч нарсасиз яшай олмайди:

Фарзанд, меҳр

Ва яна кўзгу...

❦
— 74 —

Кимдир сени ғийбат қилмоқда,

Яна кимдир мақтайди чунон,

Демак, сира ёлғиз эмассан.

❦
— 75 —

Бу дарахт бунча ёш,

Бу гуллар дуркун?

Севилган аёлнинг бадани каби...

❦
— 76 —

Азизим, ёлғизим, минг йил кутганим,

Тош шаҳар ичинда топган ягонам-

Самимий кулги...

❦
— 77 —

Мен сени танимадим, синфдош дўстим,

Узр, семиз хотин, набиранг ҳаққи,

Бешафқат эканман, вақтдан ҳам баттар.

❦
— 78 —

Илк бора севгисин изҳор этгани

Уялади у, ҳеч кимдан эмас,

Оппоқ сочидан...

❦
— 79 —

Шеър ёздим,

Мукофатладилар,

Савобдан қолдим.

❦
— 80 —

Мен сени жуда кўп ахтардим,

Дунёни гир кездим, ташна, бемажол,

Олдимдан оққан сув.

❦
— 81 —

Қўлимни ҳар нега ўргатдим,

Тикишга, экишга, турфа бунёдга...

Фақат силтанишни билмас бечора.

❦
— 82 —

Меҳмонлар кетди,

Хориган дастурхон устида,

Анор пўчоғи ва ғийбатлар қолди.

❦
— 83 —

Ажиб ҳангомадир бу, қадим ҳангома,

Даъво қилар доим қозихонада,

Худо урган кимса, худо берганга.

❦
— 84 —

Хали ҳеч ким ёруғ дунёда,

Меҳрнинг ўтида ёниб, ўлмаган,

Куйган бўлса куйди, фақат музли нигоҳдан.

❦
— 85 —

Телефон жиринглар, жим...

Ҳўрсинади аллаким...

Бахтлиман, қандай!

❦
— 86 —

Бу дарахтлар мевасиз, маюс,

Қаролмайди кузнинг кўзига,

Боласидан тонган онадай...

❦
— 87 —

Сенга жуда ишонгим келди,

Инонгим келяпти жуда ҳам, аммо,

Музга гул экдим...

❦
— 88 —

Фиръавн ўлимидан ўн кун ўтиб,

Ўзини бир кўрганда эди,

Чарсиллатиб сўнгакларини.

❦
— 89 —

Қўзичоқни суйиб, эркалаб,

Кафтингда нон бериб, сўнг,

Сўйиб еганинг қизиқ.

❦
— 90 —

Булбулжон, кечир,

Бизнинг боғларда фақат,

Соат сайрайди.

❦
— 91 —

Кимдир кўкка туфроқ сочди,

Сочлари ичига тўлди у туфроқ...

Кўзларга тўлгунча шошилар бирам.

❦
— 92 —

Қор кўп ёғди...

Инқиллайди бостирма,

Бузоғини ялаб қўяр сигир.

❦
— 93 —

Бугун менга нимадир бўлди,

Шу қадар енгилман,

Ҳатто соям йўқ.

❦
— 94 —

Уч қатор шеър ёздим,

Ва жон, деб,

Бугунимга алмашдим уни.

❦
— 95 —

Қулоғимга шивилайди аллаким,

Учиб кетар яна бешарпа...

Шеър ёзаман жим...

❦
— 96 —

Қуёш ботди, шафақ қизарди,

Тун чўкди,

Кўксим санчиди...

❦
— 97 —

Отам-сабр, тоғамдир-меҳр,

Акам-қалқон, иним-тегирмон,

Менинг эса бошим-палаҳмон.

❦
— 98 —

У дарахтлар кесилиб кетди,

Ҳосилини териб бўлди куз.

Сен жуда ҳам кечикиб келдинг.

❦
— 99 —

Умархоннинг ҳаёллари қийрар Қўқонда,

Нодиранинг арвоҳлари чирқиллар...

Насруллоҳ - Дунё!

Farida Afro'z rasmiy ijodiy arxividan