Farida Afrõz Signature Emblem
Farida AfrõzIjodiy Portali
Şe'rlar rõyxatiga qaytiş
Farida Afrõz

Farida Afrõz

Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon

7/3/2025Lirika

ЭРТАК (гиря)

Hajm:

ЭРТАК

(гиря)

❦

Бир бормиди, йўқмиди,

Отам менинг бормиди?

Бир бормиди, йўқмиди,

Онам менинг бормиди?!...

❦

Бўри баковулмиди,

Тулки ясовулмиди,

Кўрганларим наҳот, туш,

Балки тасаввурмиди?

❦

Қирғовул қизил, экан,

Қуйруғи узууун экан.

Мен бир эртак бошладим,

Демангиз, маҳзун экан.

❦

Эшигимдан шарқираб,

Оқмаганим, онам-ов,

Туйнигимдан ярқираб,

Боқмаганим, отам-ов.

❦

Тобутлари кўчамда,

Дарё бўлган, онам-а,

Хикматлари дунёмда,

Дунё бўлган, отам-а!

❦

“Ота”, десам тилларим,

Қонаб кетар, ёронлар!

“Она”, десам, жисму жон,

Ёниб кетар ёронлар!

❦

“Ота-она ўлмоғи-

Мерос” – дегани ёлғон.

Етим бола кўзлари,

Чарос дегани ёлғон!

❦

Дийдорига тўймасанг,

Дийдор, дегани ёлғон!

Ғафлат олса ёқангдан,

Бедор, дегани ёлғон!

❦

Олсанг-олсанг, бермасанг,

Бозор, дегани ёлғон.

Йиғлаб борсанг, чиқмаса,

Мозор, дегани ёлғон!..

❦

Бир бормиди, йўқмиди,

Отам менинг бормиди?

Бир бормиди, йўқмиди,

Онам менинг бормиди?!...

❦

Қаранг, бугун эгам йўқ,

Осмондан тушгандайман.

Қадрим йўқдир, қадрим паст,

Арзонга тушгандайман!

❦

Йўл юраман, йўлларим,

Мендан қочиб борадир,

Кўнгил яра, кўнгил қон,

Қилни қирққа ёрадир.

❦

Отам бўлса қўлига,

Сув қуймасмидим, айтинг.

Онам бўлса, кўзига,

Кўз бўлмасмидим, айтинг!!

❦

Эшигимдан сой бўлиб,

Оқмаганим, отам-ов!

Туйнигимдан ой бўлиб,

Боқмаганим, онам-ов!

❦

Лодонликнинг тўр босган,

Уяси экан-а, ёшлик!

Умр деган матоҳнинг,

Куяси экан-а, ёшлик!

❦

Энди бугун шалвираб,

Суякларим қақшайди.-

Вужудимга сиғмас руҳ,

Дунё торга ўхшайди.

❦

Отамдан сўнг босганим,

Хато бўлди, рости гап.

Онамдан сўнг шодлигим,

Адо бўлди, рости гап!

❦

Ёлғон кулиб, ёлғон, деб,

Ўзни алдаб юрибман.

Бир қўлим йўқ, бир кўзим,

Бир оёқда турибман!..

❦

Бу дунё-дун, бесабр,

Қайга борар айланиб.

Чигаллашиб ётибди,

Ўз ўқига бойланиб..!

❦

Бўри баковулмиди,

Тулки ясовулмиди,

Кўрганларим наҳот, туш,

Балки тасаввурмиди?

❦

Ўттиз йиллик айрилиқ,

Ўттиз кунча бўлмади.

Ярим умр ўтди, бироқ,

Ярим кўнглим тўлмади.

❦

Бола бўлиб йиғладим,

Менинг ибодатим –шу,

Йўқотганларим, узр,

Менинг кароматим, шу!

❦

Қирғовул қизил, экан,

Думлари узууун экан.

Эртагим хасрат бўлди,

Воҳ, вой-ей, маҳзун экан...

❦

Мени кечир, эй, Тангрим,

Исёнга йўймагайсан!

Ташлаб кетганлар ҳаққи,

Сен ёлғиз қўймагайсан!!!!

Farida Afro'z rasmiy ijodiy arxividan