
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
7/2/2025Lirika
Ниятинг нимадир, билмайман
Hajm:
Бўйингни, бастингни биларман,
Ўй-хаёл, қасдингни биларман,
Аждодинг, наслингни биларман,
Ниятинг нимадир, билмайман.
❦
Қарашлар, кулишлар гўзалдир,
Салобат, юришлар гўзалдир,
Ваъдангда туришлар гўзалдир,
Ниятинг нимадир, билмайман.
❦
Сўзларинг жонга нур ёғдирар,
Кўзларинг муз қалбни ёндирар,
Лабларинг дарёдир-қондирар,
Ниятинг нимадир, билмайман.
❦
Мен сўзнинг гулиман, эҳтимол,
Кўнглингни қулиман, эҳтимол,
Қаландар йўлиман, эҳтимол,
Ниятинг нимадир, билмайман.
❦
Эй, одам, бунчалар сирлисан,
Гоҳи пок, гоҳи чанг, кирлисан,
Турфа хил, турли дил, турлисан,
Ниятинг нимадир, билмайман.
Farida Afro'z rasmiy ijodiy arxividan