
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
КЕТАМАН!....
Кетаман, мени зор кутганлар томон,
Гул баргин тўшаган ўрикзорларга.
Топширдим, ўрнимга йиғласин осмон,
Тишимнинг оқига интизорларга, кетаман...
Теракнинг учида варракдай кўнгил,
Ялпизлар жони - ла жонларим туташ.
Ҳей, умрим, сен энди буғдойдай унгил,
Қонга уриб кетди баҳорий оташ.
Мана, товонимда қиқирлар булоқ
Эшигим тагида кутар ариқча.
Хаёллар капалак, қанотлари оқ,
Олам - уйқуга тўйган айиқча.
Ана қояларда сармаст калхатлар,
Тўрғайлар қонидан ичар мусаллас.
Жонга тегиб кетди бебурд карахтлар,
Тириклик ҳар кунинг неъмат, муқаддас.
Нима қилса қилар мени Худойим,
Гулни севган агар гуноҳкор бўлса.
Бу чаман юракни мен ҳам не қилай,
Етмиш томиримда чечаклар кулса.
Қара, энтикади абри найсонлар,
Найлар чалиб дилхун чорламоқдадир.
Оҳ, урсам ойнинг – да, ранглари ўчар,
Кўксимдан булутлар ўрламоқдадир.
Тўхта,менсиз кўклам наврўз ўлолмас,
Давралар танида музлар музлайди.
Ғижжак қилган билан юрак бўзлолмас,
Сочларим торида қўшиқ гуллайди.
Кетаман, жонимни дуррамга тугиб,
Ташлаб пўстлоғимни такаббурларга.
Мол - дунём, ҳуснимнинг ишқибозимас,
Борим ҳам, йўғим ҳам барибирларга!
КЕТАМАН!....