
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Сизсиз,Сизсиз, Ҳеч кимман! Билдим!..
Балки давраларда кулганим ростдир,
Гул кийганим, гуллаганим,
гул бўлганим ростдир,
Куйлаганим, куйдирганим,
кул бўлганим ростдир,
Аммо,Сизсиз,
Ҳеч кимман!
Билдим! Билдим,
Худди тонглар отгани каби,
Қуёш ҳорғин ботгани каби,
Осмонда ой шўрлик,
нурсиз, бенаво,
Овлоқда оҳулар ётгани каби,
билдим!
Ўн гулимдан ўн гулим очилди,сўлди,
Япроқларим сорғариб сочилди,сўлди,
Ишқ деганга кафанлар бичилди,сўлди.
Эссиз,Сизсиз,
Ҳеч кимман!
Билдим!
Билдим, қаноатнинг манзили Худо,
Билдим, саодатнинг тунлари ялдо,
Томирда ишқ деган алам уйғонса
Бошингга болодир, балодир, бало,
Билдим!
Эҳтимол,сочларим шабнамга ювдим,
Тонг чоғи,гул чоғи,дил чоғи сармаст.
Ҳар тола домига кўнгилни илдим,
Хушсиз,Сизсиз
Ҳеч кимман!
Билдим!
Билдим, йўллардадир умримнинг жони,
Бу улуғ Тангримнинг узун арқони,
Бу менинг Ишқимдан бир оҳдир сўзон
Ки ёқиб юборар охир дунёни...
Билдим!
Билдим, сояларда жон бор, алам бор,
Билдим, тоғларни-да дийдалари ғор,
Бу шўрлик дунёнинг қисматидир хор,
Сўзсиз,Сизсиз,
Ҳеч кимман!
Билдим!
Билдим, армонимнинг умри узоқдир,
Пояндоз солинган излар тузоқдир,
Билдим, ҳиёнатнинг йўли чароғон,
Билдим, бўйнимдаги маржон-фироқдир,
Билдим!
Балки, давраларда кулганим ростдир,
Гуллаганим, гул бўлганим ростдир,
Куйлаганим, кул бўлганим ростдир,
Осмонда ой каби тул бўлганим ростдир!..
Сизсиз,Сизсиз,
Ҳеч кимман!
Билдим!..