
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
СЕНИ СОҒИНГАНМА-А-А-А-А-Н...!
Юрагимнинг қайеридир куяди,
Симмиллайди, чарсиллар, санчар,
Гўё минг йил юраксиз яшаб,
Бир қадоқ оғриққа куним қолгандай...
СЕНИ СОҒИНГАНМА-А-Н...!
Кўзимда дарёлар жимирлар аста,
Уфиради, буғланар, тошар,
Гўё минг йил тошқинсиз яшаб,
Бир томчи иқрорга куним қолгандай...
СЕНИ СОҒИНГАНМА-А-Н...!
Ҳушёр тортар руҳим-имтиҳон берар
Қалтирайди, дилдирар, титрар,
Гўё минг йил кўнгилсиз яшаб,
Бир аҳмоқ ақлга куним қолгандай...
СЕНИ СОҒИНГАНМА-А-А-Н...!
Деразамни ёпаман, этим учади,
Жондан ўтар, изғирин, шамол,
Гўё минг йил қуёшсиз яшаб
Бир нуқра чўғингга куним қолгандай...
СЕНИ СОҒИНГАНМА-А-А-А-Н...!
Сени соғинганман, оҳ, нима қилай,
Нима қилай, ахир, айт, нима?!
Гўё минг йил сенингсиз яшаб,
Бир ютим ажалга куним қолгандай...
СЕНИ СОҒИНГАНМА-А-А-А-А-Н...!