
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Бу кунлар ҳам ўтади, у кунлар ҳам ўтди-ку.
Ҳўрсинмагин, жон, дўстим,
Ўнгга қара, сўлга боқ,
Ҳар шоҳида марварид,
Мажнунтол ҳам йиғлар, тоқ.
Бу кунлар ҳам ўтади, у кунлар ҳам ўтди-ку.
Дунё ўзи тор йўлак,
Жуфтинг сиғмас ёнингга.
Ортда ғийбат, хусумат,
Ҳамла қилар жонингга.
Бу кунлар ҳам ўтади, у кунлар ҳам ўтди-ку.
Келди қанча хоқонлар,
Искандару Доролар.
Ўтди, гарчи пайғамбар,
Авлиёю доҳолар.
Бу кунлар ҳам ўтади, у кунлар ҳам ўтди-ку.
Сен йиғлагин, йиғлама,
Вақтнинг сенга вақти йўқ,
Тошга тегар пешонанг,
Тошнинг эса кўнгли тўқ.
Бу кунлар ҳам ўтади, у кунлар ҳам ўтди-ку.
Юр, кетамиз, зорларга,
Кўнгли яра доғларга.
Тушиб қолган умр йўқ,
Калхатлару зоғларга.
Бу кунлар ҳам ўтади, у кунлар ҳам ўтди-ку.