
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ОТА ЮРТИМГА
... сени кўрганни кўрай...
З. Мирзаева
Ҳ-у-у-в, Фарғонанинг, ҳу-у-в, бир қишлоғида,
ху-у-вулдоқ мозор ичра Отам деган Дунём ётибди.
Ассалом, ота юрт, муштипар қишлоқ,
Ҳар зарраси хотира, тўтиё - туфроқ,
Жонимга қадалар бир журъат-сўроқ:
Кўрсат, менга, отамни кўрганни, кўрай!
Отам эккан тутлар, қайрағоч, келдим,
Энамнинг айвони, қалдирғоч, келдим,
Айт, юртда ким қолди, яловоч, келдим,
Кўрсат, менга, отамни кўрганни, кўрай!
Қара, пахса девор, қўрғонлар омон,
Омонат тўсилган тўғонлар омон,
Ҳаттоки ғийбатлар, ёлғонлар омон,
Кўрсат, менга, отамни кўрганни, кўрай!
Бери кел, жигарим, қондош, қориндош,
Отамга ўхшарми, кўзинг ёки қош,
Бир кўрай, бир кўрай, гар етса бардош,
Кўрсат, менга, отамни кўрганни, кўрай!
Отамдай паҳлавон, қалқоним қани?
Орияти тиллодан, деҳқоним қани?
Ялангоёқ, ялангтўш, султоним қани?!
Кўрсат, менга, отамни кўрганни, кўрай!
Фақат, дема, эй, воҳ, толлар кесилган,
Чавандоз, тулпорлар, ёллар кесилган,
Отанг тенгги мардлар, чоллар кесилган,
Кўрсат, менга, отамни кўрганни, кўрай!
Ота-она даврондир, сурганлар, билгай,
Меҳр чашмасин кўзга суртганлар билгай,
Туфроқдан ташқари юрганлар, билгай,
Кўрсат, менга, отамни кўрганни, кўрай!
Кўрай, оҳ, бир кўрай, жонимни берай,
Хирмонимни берай, донимни берай,
Қирқ йиллик умримни, шонимни берай,
Кўрсат, менга, отамни кўрганни, кўрай!