
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
7/2/2025Lirika
Кел, дединг, эй, ишқ талаб
Hajm:
Кел, дединг, эй, ишқ талаб,
бўстонингда адашдим,
Ёз, дединг, кўнгил ғамин,
достонингда адашдим.
❦
Уч, дединг, боғла қанот,
кўкда малойиклар билан,
Оҳ, дедим, оввора бўлдим,
осмонингда адашдим.
❦
Бас, дединг, хижрон тошин
дарёга от, дунёга от,
Воҳ, дедим, чўкдим басар,
уммонингда адашдим.
❦
Қол, дединг, кулбам аро,
кўнглим яро, бахтим қаро,
Ё,ҳу, дедим, қайтмас умр,
карвонингда адашдим.
❦
Шу, дединг, эй, Фарид,
дунё ўзи чархипалак,
Йўқ, дедим, йўқ, йўқ, дедим,
ёлғонингда адашдим.
Farida Afro'z rasmiy ijodiy arxividan