
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Душанбалар келаверади
Кузак демай, қаҳратон демай,
Дайди шамол елаверади.
Сочдаги оқ билан иши йўқ
Душанбалар келаверади.
Сен бошлайсан дилкушо юмуш,
Кимдир раҳна солаверади.
Қарабсанки, шанба! Қолгани
Душанбага қолаверади.
Сешанбада кўзланган ишдан
Жумада ҳам бўлмассан халос,
Бари қолди! Фақат ва фақат
Душанбада омон бўлсак бас.
Эрта туриб сўрайсан омад,
Чоршанбадан муродбахш кун.
Зора битса, йўқ, чала қолар,
Душанбасиз бўлмайди якун.
Ўтганларнинг руҳи мададкор,
Тилаганинг тила, пайшанба.
Ярим умр, яримта кўнгил,
Ҳаёт эса душанба-шанба.
Югурасан еласан хориб,
Ажинларинг, оҳ, тарам-тарам,
Якшанбада бир кун султонсан,
Душанбага қулдирсан, қарам.