
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Шеър ёзолмай қолсанг аҳволинг шу –да
Шеър ёзолмай қолсанг аҳволинг шу –да,
Тушкунлик юракка тоғдай чўкади.
Сендан бахтлироқ ҳатто қумурсқа,
Ҳатто тошбақа ҳам сендан ўзади.
Нима қиларингни билмай, шошасан,
Талваса жонингга қилар тажаввуз.
Қуёш шамчироққа айланиб қолар,
Уммон ҳам кўзингга кўринар ҳовуз.
Танингни судрайсан кунлар ва ойлар,
Руҳинг синиб борар музлик мисоли.
Нимани ушласанг, қуриган чўпдай,
Жонинг тешиб ўтар вақтнинг шамоли.
Оҳ, яшайверасан, ўзингдан безиб,
Унутиб дунёда боринг-йўғингни.
Ёзмасам, ёзмабман дейсан-да, бироқ
Кимдир ковлаб ўтар яна чўғингни.
Ва бирдан юрагинг кетар ловуллаб,
Фаришталар чуғурлашиб қўймайди.
Етмиш икки томир кўпирар бирдан,
Тўрт минг тўрт юз сўнгак бирдан сўйлайди.
Ана энди мазза, томошо қилинг,
Тафаккур, туйғулар замзамасини.
Ақл билан кўнгилнинг жангу жадалин,
Фикрнинг даҳшатли зилзиласини.
Ва бирдан ёзасан, ҳовлиқиб, тошиб,
Қаламга айланар сочлар, киприклар.
Алвидо, дейсан, ў, тушкун шоирга,
Руҳингда яна бир Фарид тирилар.