
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Õşa kun - bugundir
Арғумчоқлар учгин, камалак билан,
Гир айлан, рақс туш, капалак билан,
Яшасанг, яша, фақат, жон ҳалак билан,
Умр асли бир кундир,
Ўша кун - бугундир.
Эртани ўйламоқ сен учун эмас,
Ўтганга йиғламоқ сен учун эмас,
Жазони қўлламоқ сен учун эмас,
Умр асли бир кундир,
Ўша кун - бугундир.
Этагингдан шамол ўтдими, басдир,
Тириклик олдида ҳар неки, ҳасдир,
Бошинг омон бўлса, тоғлар ҳам пастдир,
Умр асли бир кундир,
Ўша кун - бугундир.
Ота-онанг қайтмади, сен ҳам қайтмассан,
Бу олам тубига сен ҳам етмассан,
Ки, Навоий айтмади, сен ҳам айтмассан,
Умр асли бир кундир,
Ўша кун - бугундир.
Нуҳдайин умр кўрмоқ истасанг ҳам - шу,
Вақтнинг тулпорини қистасанг ҳам - шу,
Яхши ном олсанг ҳам, олмасанг ҳам –шу,
Умр асли бир кундир,
Ўша кун - бугундир.
Эй, Фарид, лаҳзалар, шукри-ла, яша,
Бу дунё байрамдир, қилгин, тамоша,
Ошиқ номинг қолар асрлар оша,
Умр асли бир кундир,
Ўша кун - бугундир.