Farida Afrõz Signature Emblem
Farida AfrõzIjodiy Portali
Şe'rlar rõyxatiga qaytiş
Farida Afrõz

Farida Afrõz

Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon

7/3/2025Lirika

ТАСБЕҲ 33  

Hajm:
— 1 —

Нега шундай,

Бу не синоат!?

Бахтнинг куни паҳмоққа қолган.

❦
— 2 —

Олтмиш ёшга тўлди бу аёл,

Ҳамон гўзал, ҳамон ҳурлиқо,

Қулоғини тишлаб қўйган бахт.

❦
— 3 —

Яхшиямки индамадим...

Яхшиямки айтдим...

Вақтида, ўз вақтида!

❦
— 4 —

Пушаймон,

Нега совчи юбординг,

Тўйи бўлаётган бахтга?!

❦
— 5 —

Кўзойнагимга

Бир томчи ёш томди.

Чатнаб кетди ойнаси.

❦
— 6 —

Кофе ичдим,

Уйқумни эмас,

Ғафлатни қувди у.

❦
— 7 —

Мендан кўра донороқ экансан,

Чунки,

Сен мени тинглаяпсан.

❦
— 8 —

Дилимни оғритдинг,

Босиб олдинг ярамни –

Бемаврид кулгу.

❦
— 9 —

Жаҳл -дайди ўқдир,

Бенишон.

Бегуноҳга бориб тегади.

❦
— 10 —

Отамдан сўнг,

Биздан бошқа иши қолмади,

Акамнинг.

❦
— 11 —

Йиллар ўтди,

Қирқкокилин соғиниб,

Зирқирайди белим.

❦
— 12 —

Дастурхон ёзилди,

Полов тортилди -

Меҳрга узанди қўллар.

❦
— 13 —

Биллур қандиллар ўчди.

Бу совуқ кошонани энди,

Ой нури исита бошлади аста.

❦
— 14 —

Бошимга бардошнинг рўмолин ёпиб,

Ёқамга сабрнинг тугмасин тақдим,

Жойнамозда қолди пешонам.

❦
— 15 —

Шамолда тебранар, ҳорғин,

Пишаётган анор -

Ҳомиладор аёл.

❦
— 16 —

Тувакдаги гулдай мунғаяр,

Қирғоқдаги балиқдай илҳақ -

Айтилмаган сўз.

❦
— 17 —

Шарт эмас, осмонни ерга қулатмоқ,

Дарёни тескари оқизмоқни, қўй,

Оддийгина, гапим уқсанг, бас!

❦
— 18 —

Эгасини йўқотган

Дайди итдай санқийди –

Ҳикматли сўзлар.

❦
— 19 —

Валфажр –

Қушлар қўшиғи,

Нега сен жимсан, тўтиқуш?

❦
— 20 —

Кипригимга осон бўлмади,

Не-не ҳарсангларни кўтарди,

Кўтаролмас гардингни энди.

❦
— 21 —

Юрагимга қадалар қоя,

Осмон пастлик қилмоқда, Сенсиз,

Оёқларим ерга тегмайди.

❦
— 22 —

Доно бўлдим,

Қайғум кўпайди,

Билимдонлигим - ғамим.

❦
— 23 —

Чор тараф одам, қамашади кўз,

Кўзларимни юмдим, оламон ичра,

Ўзимни соғиниб.

❦
— 24 —

Шуни билдимки,

«Билдим» деганлар,

Билмас эканлар, билмасликларини.

❦
— 25 —

Рауф Парфи бир кун оч қолди:

Аввал одамлардан, сўнгра,

Сувараклардан ёзғирди.

❦
— 26 —

Ярим тунда телефон жиринглар,

Кулгусидан яйраб кетар дил,

Уйғоқ одамнинг.

❦
— 27 —

Умрдан бир кун қолса-да,

Абадиятдек туюлади.

Абадият энг буюк ёлғон!

❦
— 28 —

Шафқат дарёси,

Бунчалар улкансан,

Сендан итлар ҳам сув ичар.

❦
— 29 —

Отасидан пора олиб,

Онасига пора бериб туғилди,

Янги амалдор.

❦
— 30 —

Одам боласи, бўри боласини тутиб олди,

Уз-о-оқ тарбият қилди,

Алал оқибат ИТ бўлди у!

❦
— 31 —

Бир ишнинг гувоҳи бўлдим:

Нафс билан исён уришиб қолишди,

Тавбанинг тўйида.

❦
— 32 —

Қуёшга чиқмоққа йўл ҳам топилар,

Ер шарини гир айланмоқ осон –

Кўнгилнинг тубига етмоқдан кўра.

❦
— 33 —

Мен тик боқиб унинг кўзига,

Ташлаб кетдим, мағрур, беписанд,

Йўлларимдан чиқди илонлар...

Farida Afro'z rasmiy ijodiy arxividan