
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Майли, мен кетаман, қайтиш йўқ асло
Майли,
мен кетаман,
қайтиш йўқ асло,
Бу йўлда қайтганни ўлдирар ғурур.
Сен силаган сочимни мен қирқиб ташлаб,
Йиғламай яшайман, мана, қараб тур,
Кўксимга бир муштлаб!
Майли,
мен кетаман,
қайтиш йўқ асло,
Қайтса қайтаверсин сурбет фаслар.
Ёлборма, шамоллар, ёмғир, йиғлама,
Тиз чўкиб бўзлама, етим тилаклар,
Жонимни тиғлама!
Майли,
мен кетаман,
қайтиш йўқ асло,
Қайтар йўлларимга чимлар босилган.
Хўрликнинг дарахти осмондай баланд,
Шохларига саланглаб дорлар осилган,
Маржонимга пайванд!
Майли,
мен кетаман,
қайтиш йўқ асло,
Истаганинг борим сенга қолдириб.
Осмонга ой каби михлаб кетаман,
Ёстиқларинг тушга тўлдириб,
Кетсам - да, нетаман?!