
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ТАСБЕҲ 33
Саодат қасрини қурмоғинг учун,
Саодатли онларни,
Кутмоқ шарт эмас!
Бу улкан кеманинг,
Лангарлари ҳам оғир,
Жуда ҳам оғир...
Олисга боқасан, пичирлар лабинг:
Кузги япроқлар, сарғайди боғлар...
Мен эса, ёнингда сарғайдим...
Хотиранг асрайман,
Болалик -
Қақнус тумшуғидан олиб қочганим!
Ўткинчи ҳаммаси,
Ўткинчи, билдим...
Ўтмай қолди, фақат, биринчи бўса...
Чинордай яшасам,
Чинордай кутсам,
Келасанми..?
Соғинчга хиёнат қилмадим, Ватан,
Қайга борсам, дарров,
Изимга қайтдим!
Шоир ўтди...
Ёзилмай қолган оқ қоғозлари-
Кафанлик бўлди...
Юрагим увишар, санчади кўксим,
Ўз ҳолимга қўймас,
Оғриқли сўзлар.
Ёнимда ётади ястаниб,
Хуррак ҳам отади, дамо-дам –
Беҳуда кунлар!
Паризода эдим, бир вақтлар,
Бунёд эдинг сен,
Учқур отинг панд берди, аттанг!
Кўзим бойлаб, қўлимдан тутдинг,
Борса, келмас йўллардан юриб,
Ботса, чиқмас, рўзғорга етдик!
Уч юз йил сўзлаб ҳам тўти,
Мутафаккир бўлмади, шўрлик,
Айтаверди, айтганларини...
Лангарин йўқотиб, қайиғи чўккан,
Денгизчидир, бу эркак -
Аёлидан сўнг...
Қор ёғади, эрийди,
Йиғлай бошлайди --
Муваққат умр...
Нега бу тош куйлаяпти
Сен
Унинг бошини силаганмидинг?!
Жоним, қарорим, хукмим
Сенга гул бермоқнинг
Ижроси билан банд!
Даллол, қисматини
Ўзи яратади,
Худонинг иши йўқ, у билан!
Хабар келди...
Хабарчига,
Суюнчи бермадим...
Кел, бағримга, ором ол, болам,
Қуёш ҳам,
Бош қўяр уфққа.
Эна, кетдинг...
Эсдалик бўлиб, сендан,
Қалдирғоч ини қолди...
Новдалар сармаст тебранар,
Кўкламнинг базмида,
Шароблар ичиб.
Саҳродир ишқ,
Мажнунлари қолмаган-
Саҳро!
Қадр кечаси...
Зикр айтаман...
Йиғлаб юборади, тасбеҳ тошлари...
Тавба қиламан,
Тавбаларим, тавбасидан,
Тавба қилмаслиги учун!
Сизни хафа қилиб бўлмайди,
Чунки,
Хафалик нималигин билмайсиз.
Менга ҳам сўз бордир,
Айтиб битмагандир, шоирлар,
Ўз сўзим бергин, Аллоҳ!
Ичингдаги девни енгса бўлади,
Катта куч ҳам керакмас-
Уни унутсанг, бўлди!
Эй, сен одам,
Бунча буюксан,
Азангда ҳам қўшиқ айтасан!
Ҳар нега сўз керак,
Сўзсизликкача,
Сўз керак!
У ўлди,
Жасади кўмилди-
Овози эмас!
Бу капалак сувга қўнди,
Қизиқ,
Қаттиқлик қилдими гул япроқлари..?
Тириклик, на қадар, буюксан,
Қудратинг чексиз,
Ва лекин ўлимчалик эмассан!