
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ТАСБЕҲ 99
Саёҳатни қўмсайди юрак,
Тошиб кетай дейди денгиздай хоҳиш,
Қўлимдан судрайди жамадон.
На бошим оғрийди,
На кўнгил хира, ажабо,
Бу кунни тарихга ёзишим керак.
Биз узоқ суҳбат қурдик,
Куз билан,
Баҳор ҳақида.
Ҳамма кўчади янги уйига,
Мен эса, эски кулбамда...
Шеърга кўчаман!
Ўзимни-ку, кўтариб юрибман,
Кучим етмай қолди,
Сўзимга.
У ёнади кечаю кундуз,
Хира тортиб қолар гоҳи –гоҳида,
Ўчиришни унутилган чироқ!
Тегинма,
Мен сўнгги япроқман новда учида,
Биз қўшиқ айтяпмиз куз билан.
Ҳеч нарсага таслим бўлмаган
Кўнглим,
Рўзғорга кўнди -
Кетмоқчи эдим,
Йўлдан адашдим-
Тўрт томон ҳам Қибламас, билдим!
Ёмғирда қолдим,
Шалоббо бўлдим,
Кўйлакларим йиғлай бошлади...
Опаси бор етимнинг,
Онаси
Ўлмайди!..
Тўрт мучаси соғларнинг,
Фикрлари
Соғмикин?!
Тантаналар кор қилмас-
Томошахўрлик...
Ичингда байраминг бўлмаса...
Яхшиям борлигинг,
Иштиёқ,
Ёшимни унутдим..!
Хабар бергин, ҳолингдан,
Булутлар, қайлардасан?
Йиғлаб келиш шарт эмас!
Раққаса сотади ишваларини...
Пуллар ёғилади ва лекин, бироқ
Гул узатмайди бирорта эркак!
Соғинчни боғлаб бўлмас,
Ит каби,
Увиллаб тинч қўймас кечаю кундуз....
Наҳотки, умримни номусга бердим,
Наҳотки, ҳаётим ордан иборат,
Муҳаббат, бир бора юзинг кўрмадим?!.
Сени кўп изладим, қидирдим, шошдим,
Ва охир,
Худодан топдим...
Тонглар отганига минг йиллар бўлди,
Қуёш ҳам миллион йил нурин сочади...
Нега уйғонмайсиз, одамлар?!
Гулни ким йиғлатди, ёноқлари нам?
Балки, сендирсан, тонг,
Ташлаб кетдингми?!
Шивирлайман аста исмингни,
Эшитиб олади япроқлар, пойлаб,
Шамолларга айтиб бергани...
Қочган етар муродга,
Қувган ҳам етар,
Бироқ.
Куз ғамгин қўшиғин бошлади,
Жўр бўлди япроқлар...
Жўр бўлди кўнгил...
Гул каби ҳидлайди,
Сочларини у...
Жаннатда турганин хис этиб...
Ёнингизда бир сўз демай,
Яшади у ўттиз йил,
Ўттизида ўтин бўлиб...
Қайдан келди бу бегоналик,
Танимай қолдим сени,
Сен-чи, танияпсанми?
Мени алданг, фаслар,
Бу кузмас,
Денглар!!!
Хохиш,
Ўзлигингдан қайт,
Кеч кузакда гуллаб бўлмайди...
Жиянимнинг кўз ёшин артдим...
Тунда,
Арвоҳ капалак келди ёнимга...
Кафтимда эрийди қор учқунлари,
Сўнгра куйдира бошлайди ўрни, жазиллаб...
Сен айтган сўз каби...
Ортиб қолар сендан ҳам дунё,
Мендан ҳам қолиши тайин,
Кел, дунёни ўйламайлик, қўй!
Мен юрган йўлларда, сени кўрмадим,
У ерда фақат,
Худо бор эди...
Ҳамманинг юраги ўзида яшар,
Қовурға остида, сокин, бир меъёр...
Меники эса, сенинг қўлингда...
Босган еринг чанги ҳам дорига ўхшар,
О, бунчалар шифосан,
Ватан тупроғи!
Қушман, дейди, туяқуш,
Учолмайди...
Туялиги билиниб қолар...
Кўчангдан ўтсам,
Дарвозанг,
Таниб қолди мени.
Ҳеч нарса йўқ, ҳеч нарса йўқ,
Ажабо,
Ҳеч нарсаликда...
Деворга суяндим,
Шивирлади у,
Во, ажабо, тили ҳам бор экан...
Сен кетасан
Ва мен ҳам,
Зерикиб қолар дунё!
Жонимдан узиб олдим,
Олма каби,
Исмингни!
Кимнингдир йўли – сукут,
Кимнингдир йўли – ғавғо,
Кимдир эса, хижолат!
Унинг бағрига,
Яхши-ёмон сиғиб кетаверади...
Онага ўхшайди, Ишқ!
Соғинч-
Хасратнинг,
Энагасидир!
Тош, тошжон,
Бу сирни сақламоқ,
Сенга ҳам оғир!
Ўрмонга ўтин олиб борилмайди,
Дарёга кўзада сув ҳам даркормас,
Бу даврага ярашмадинг, сен.
Илтимос қилмайман, оввора бўлманг,
Илтимосим сизга,
Илтимос қилманг!
Инсофни ишлатиб туриш керак,
Акс ҳолда,
Занглаб қолади у.
Нафис дунёлар ичра,
Нафасинг ростла,
У ерда сира ҳам хўрсиниб бўлмас...
У боғда қушлар қолди,
Жанубга кетмай,
Туш кўрарлар хотиржам ўз дарахларида...
Қуриб қолган дарахтни кўриб,
Йиғлайсан,
Ўзингдан хабаринг йўқ?!
Тун бўйи йиғлабман шекилли,
Кўзларим қизариб уйғондим,
Наҳотки, тушимга келдинг?!
Бунёд бўлдим, обод бўлмадим,
Обод бўлдиму,
Озод бўлмадим...
Кўзи билан йиғлаганлар,
Юрак билан йиғлаганларни,
Тушунмайди!
Сендан кетмоқ йўлини топдим,
Энди сен,
Мендан кечмоқ чорасини топ!
Товоним соғинар майсаларингни,
Шамолларни қўмсар ялангтўшларим -
Қайдасан, даладай бағр?!
Соғинмоғим учун,
Борлигинг-йўқлигинг,
Аҳамияти йўқ...
Мактублар битилмас энди,
Райҳоннинг ҳидлари келмас қоғоздан...
Оғзин очиб ухлар почта қутиси...
Юлдузларга боқмадим, анча бўлди,
Осмон ҳам эсимдан чиқаёзибди...
Мунча, золворлисан, ерлик ташвишлар..?
Бўйинбоғин узиб чопди ит,
Хиёнаткор бекасининг,
Жазманини қувиб...
Кўчанинг ишларин тугатиб,
Уйимга қайтаман –
Ўзимга!
Одамзод оёғи ойга ҳам етди,
Бир-бир босиб борар мавҳум дунёни...
Баъзан оёғини қўлига олиб чопади...
Мактублар битилмас энди,
Райҳоннинг ҳидлари келмас қоғоздан...
Оғзин очиб ухлар почта қутиси...
Икки кўнгил,
Икки томон,
Ошиқади бир уйда!
Бармоқларим
Узугини ечиб, отди,
Оғирлик қилди, бу ҳалқа!
Жарақлайди пулнинг овози,
Жаранглайди давроннинг сози,
Пўккиллайди деворда дутор...
Учишга шайланар, потирлар, бу қуш,
Қаноти сингани,
Ёдидан чиққан...
Жунунингиз қани,
Тошқинлик қани,
Жонингиз ширинроқ кўриндими, ё?..
Нега хушбахт бу дунё,
Нега беписанд,
Африкада болалар очдан ўляпти...
Кетишнинг қайтиши бор,
Магарки,
Манзилинг бўлса.
Гуноҳларинг ювилар,
Хатолар кечирилар,
Агар жуфтинг халол бўлса!
Кўзимга малҳам суртаман,
Оғриғи йўқолар, бироқ,
Хотираси санчар, дамо-дам...
Синглиси ўлиб,
Мунғайиб қолдилар,
Етти пахлавон...
Бевақт келдинг, ўлим! – деймиз,
Бечорага
Тўхмат қилиб...
Оқ кўйлак кийиб,
Кириб келди, келинчак,
Қора рўзғорга...
Кечикиб боради ишга у,
Кечикиб келади учрашувга ҳам –
Субутини йўқотган одам!
Рўзғор – аждаҳо,
Ютиб юборади, ҳамма нарсани-
Севгига қўшиб...
Пичир-пичир қилиб, пиширди ишни,
Ойлар ҳам ўтдилар аста пичирлаб,
Пичир-пичир билан туғилди бола!
Турмушга чанг солди бойлик,
Ўзоро бўлинди пул, олтин, буюм...
Бўлолмадилар бир қора кўзни...
Ёмғирда учаман, сендан кетаман...
Қанотим хўл бўлмас,
Улар йиғлайди, холос.
Юлдузларни яхши кўраман, ойни, қуёшни,
Уларга интилганим сайин,
Оёқларим томир отади, ерда!
Юксакка интилмоқ – гуноҳ эмас,
Ерда юрганинг ҳам савобмас, бари,
Ора йўлда кимлигинг – муҳим!
Сен совутдинг, бугун хавони,
Ҳа, ҳа, сенсан барига сабаб –
Бунчалар аёзли бу сўз!
Биз томонларда туман бўлмайди,
Чунки,
Чуқурларда яшамаймиз биз!
Ҳар неда мантиқ бор,
Режа, манфаат...
Севгидан бошқа!
Бунча феълинг мавҳум, бунчалар чалкаш,
Бу чалкаш дунёни, айтчи, биродар,
Сен яратганмидинг?!
Тўрт тараф менсиз,
Тўрт тараф сенсиз...
Ҳайриятки, ер шари тўрт бурчак эмас!
Тўзғиган ҳаёлим, тўзғиган умрим,
Жамлаб бер, илтимос, ўзимга мени –
Ишқ!
Бўйнига осилай, десам бу дарахт,
Тутқуч бермайди,
Қарғалар билан оввора...
Тушлар диёрида яшамоқ ҳузур,
Нақадар, сеҳрли, нақадар мангу...
Уйғонгунингча...
Мен совутдан кўйлак кийдим,
Ханжарларинг бекор энди...
Мен сени севдим!
Эсингдами, одамзод, онанг қорнида...
Тор ва қоп-қора дунё...
Шунда ҳам яшаган эдинг!..
Бу сўзлар ҳақиқат,
Бу сўзлар дуркун,
Лабини бўяшни билмаган қизга ўхшайди.
Кўнглингга айт,
Бошқа жой топсин,
Ижарада яшамоқ оғир!
Энди, балки кўришмасмиз ҳеч қачон,
Интиқом, ўч, алам, исён,
Мен кечиришни ўргандим...
Ғалаба –душман, нафс, уйқу устидан,
Қозонилган шон!
Севгидан эмас!
Уй шифтига тоқи қоқдим,
Китобга ўхшатиб...
Энди унга қарасанг, бўлди, болам!
Тўй- ҳамманинг орзуси,
Орзуларнинг тўйидир –
Тўй!
Ҳей, соат!
Мени бошқаролмайсан,
Шеър ёзяпман!