
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ТАСБЕҲ 99
Мен йиғладим,
Тувакдаги гулим ҳам
Мунғайди.
Мулки йўқ
Фуқаро -
Беватандир.
Ҳаёт нақадар ширин-а,
Энг бахтсиз ҳам
Яшайверади, жим...
Подшо - қиличнинг дами!
Унга қин бўлолсанг,
Тур ёнида.
Ўтмиш - ўтиб кетди-ку,
Келажак эса хали келмади.
Нега йиғлаяпман, бугун?!
Сувнинг қоқ ўртасида
Тебранади ер -
Гуноҳлардан титрайди жони.
Ерни топтаб, чопиб, кавлаб,
Ўтавердилар авлодлар,
Ер эса уларни индамай ютаверди...
Муҳаббат,
Сенга тўймадим,
Ўлсам, қайта туғилиб келаман, яна.
Одамзод ҳеч нарсага бегона эмас,
Ишққа ҳам,
Қотилликка ҳам.
У на тирик,
Ва на ўлик –
Кемада сузиб кетаётган кимса каби.
Дўстинг қўлингга,
Ёринг ҳуснингга,
Онанг эса йўлингга қарайди.
Туғилганда кучли эдик, нақадар,
Нақадар заифмиз,
Ўлаётганда.
Нинани ўғирлаганга ҳам
Қонун бор.
Қалбимни нима қилдинг, айт?!
Ҳар тонг туриб,
Қалбингни супур, сув сеп, сўлим қил -
Аллоҳнинг уйини.
Ақл,
Ҳаммани танитган ҳам,
Айирган ҳам ўзинг!
Эй, нодон,
Боланг айтганингни эмас,
Қилганингни қилади...
Қани эди,
Пул санаган завқ билан,
Дўстларингни санай олсанг!..
«Оч қолдими, бегим?..»
Эрини ўйлайди аёл,
Кетмонига суяниб.
Эски бир қишлоқнинг,
Эски кулбасида,
Янги даҳо туғилди.
Сендан айрилиб,
Ўзимни
Топдим!
Тун.
Қоронғу хужранг бир бурчини ёритиб,
Ухламоқда жажжи набиранг.
Бунча у қудратли,
Бунча ёқимли -
Айтмаган сўзинг.
Бир буюк,
Ҳайкалга скрипка чаларди...
Ўзини даврага тайёрламоқда.
Авлиё ҳассасини ерга санчди:
Тупроқ кулди,
Хасса кўкарди.
Сенга раҳмат, айрилиқ,
Яхшиямки, сен борсан, ҳижрон,
Шоир бўлдим.
Ғийбатларинг мени ўстирар,
Маломатлар чўзар бўйимни,
Яхшиямки, сен борсан, ҳасад.
Нима қилдинг, нима топдинг?
Нима орттирдинг,
Йўқотиб бораётган одам?!
Ҳали сени боплайман росса,
Ҳали шундай ўчим оламан,
Сени унутиб...
Бармоғимга узук эмас,
Кишан тақдим, деб ўйлади у,
Ўзича.
Ер айланиб чарчамагунча,
Қуёш ёниб, совимагунча,
Сени севавераман.
Келсанг, агар, бугун кел,
Менинг кечам ҳам, эртам ҳам,
Ҳозир!
Боласидан илҳақ бўлаётган
Ота-
Одам Атодир.
Виждонинг қийнамаса,
Билки, сен –
Ё телбасан ёки авлиё!
Ақлим етмаганларини
Вақтга
Бердим.
Узоқ яшамоқдан кўра,
Тўғри яшамоқ,
Афзал экан.
Қўлингни бер,
Кафтингдан тутай, бармоғинг ўпай,
ВАҚТ.
Бир ҳовуч сувман, кафтингда,
Тўкиб юборсанг...
Тўлқинман!
Илонларнинг феъли ўзгарди,
Ганж сақламоқ эди юмуши,
Энди эса яшар қўйинда.
Кимдир сени севса, севгандир,
Мени ҳам биров севар, эҳтимол,
Бир-биримиз севолмадик, лек.
Бармоқларим гулга текиздим,
Япроқларин силадим аста,
Кафтим чизиқлари узайди.
Стол жойидан жилмади,
Стул эса интизор,
Нега тик турибмиз иккимиз?..
Сочларимни турмаклайди тўғноғич,
Гарданимни қисар тугмалар,
Сени севишимга қўймаслар...
Ақл билан тахтга,
Кўнгил билан Худога,
Етишасан!
Кечамиз - армон,
Эртамиз – гумон,
Бугунимиз – қурбон!
Ҳақиқат ўлмоғи учун,
Хаёт сўнмоғи керак,
Оламлар ичра.
Ҳасаддан ёнаётган одамга,
Сув сепсанг,
Занглайди...
Ёлғизлик уйига,
Қамадим ўзни,
Ёлгизлик ҳам ибодат.
Какку куш тухум қўйди,
Булбул инига.
Сайрашдан тўхтамади булбул.
Ит қутирса эгасини қопар,
Эшшак семирса-чи, тепар хожасин...
Сенга нима бўлди одамзод?!
Пешонамга кафтимни қўйиб,
Умрим ҳақида ўйлайман,
Барг ёзди тирсагим.
Тошбақанинг умрини,
Капалакка берганда эди,
Гул бўларди бу дунё.
Одамзод, қизиқ,
Савоб қилса ишончи комил,
Гуноҳига гумони бўлар.
Болаликда ёлғон гапиролмай,
Катта бўлганда эса...
Ростини айтолмай халаксан.
Арра товуши келар, устахонадан,
Аста мўъралаб қўяр қайрағоч девор оша ,
Хўрсиниб қўяди кекса чинор.
Кел, дугонам,
Сени соғиндим,
Ҳеч нарсалар ҳақида гаплашайлик.
Токи бунда айриқлар бор,
Надомат бор, ғамлар, армонлар,
Сен ҳам борсан, сен борсан ШЕЪРИМ!
Сен келдинг,
Чинни дўконига,
Фил киргандай бўлди.
Бахтли қилдим, кимнидир,
Сочдим, худди чақамдай,
Тугаб қолди ўзимга.
Янами?
Яна келдингми, азоб,
Сира ҳам севмоқчи эмасдим..!
Қора соч, қора қош, қора кўз,
Киприклар, холлари қоп –қора,
Қора бахт унга ҳеч ярашмас.
Бир вақтлар нонга навбат турардик,
Сувга, донга, ҳар нега...
Бугун эса қадрга?
Эшикни ёпади охирги ходим,
Анальгин ичади бош оғриғига,
Хориган ишхона хўрсиниб.
Очлик ва хорлик хурликка қарши,
Жами ятлар тузилди, жаҳонда бот-бот,
Меҳрсизлик қолди, бунда мунғайиб..
Сизга шижоат,
Менга эса,
Итоат етишмайди.
Тонг берди, Худо, тун берди, Худо,
Яна кимдан ва қандай, айтинг,
Бундан ортиқ мукофот кутай?!.
Оппоқ қор устидан,
Излар босилди, пойма пой
Лой бўлди...
Хаво булут, О, юрагим, бунча санчийсан,
Бунчалар масъулсан,
Еру фалакка!
Минг йил яшаса-да, гердайиб,
Охир, ўтин бўлгани қизиқ,
Чинорнинг.
Бу дарахт ажаб, бир шохида нок,
Бир шохида олма ўсади...
Худди бир ота-онанинг икки боласидек,
Мехр излаб чарчади бу аёл,
Ака – ука, опа-сингил… эридан…
Арз қилгани кетди ота онасига.. мозорга.
Пул топиш осон,
Пул топиш қийин....
Ҳалоли бошқа гап!...
Ёмғир ёғдирдим,
Шамолни тўхтатиб,
Кўзёшим қуриди...
Кирсанг, кир,
Бундай турма, остонада,
Бир ютим нафасдек.
Менинг сени алдашга,
Асосим йўқдир...
Ростини айтмоққа кучим етмади.
Сени менга хеч Ким бермади
Хеч Ким ололмади хам
Ўзимдан бошқа.
Дўстим билан саёҳатга чиқгандим,
Таниб қолдим ва уни
Ташлаб келдим, ўша юртларга.
Парданинг ортида пардалар…
Ортида дераза ва яна панжара...
Менинг эса, учгим келяпти!?
Қозон бошида,
Қоринни сила-аб,
Ўтаётганлар ҳам - одам.
Чанқадим, бир оз,
Оч қолсам қолибман, чидайман, аммо,
Синглимни бугун кўрмасам бўлмас.
...Чарчадим...
Руҳим-ла кетсамми,учиб,
Ё таним-ла қолсам, судралиб.
Ҳайр, дейсан, кетаолмайсан,
Тонгнинг сира отгиси келмас,
Кўрпасига бурканар қуёш.
«Эр-хотин қўш ҳўкиз» эдилар,
Кўнгил ерларини ҳайдолмадилар,
Ўттиз йилда ҳам.
Баҳор келди,
Сим ёғочда тизилиб, ахборот улашар,
Қалдирғочлар.
Сандиқни ис босди, занглади қулфи,
Тахида чириди, келинлик сарпо -
Номусин ўғирлатган қизга куйиниб.
Она шер жангга кирса,
Ё ўлдирар,
Ёки ўлар экан.
Аждарнинг кўксига бош қўйиб
Капалак ҳақида
Ўйлайди аёл.
Опа-сингил кўҳна тегирмон...
Емирилгунча
Айланаверади...
Кафтларимни иягимга тираб,
Сенга термуламан:
«На мунча узоқдасан?!.»
Сени излаб,
У дунёга
Бориб, келдим.
Севгини-ку, кўзи кўр, қулоғи кар,
Аммо,
Бунча ширин унинг тиллари?!
Ҳожилар,
Йиқилганни босиб ўлдирдилар,
Каъбада, Аллоҳнинг уйида!..
Шохона таомга ҳам,
Пашша тушса,
Ҳаром бўлади.
Қўлинг қисқалиги,
Ҳаёлингнинг узунлигидан,
Далолат.
Келмасанг ҳам майли,
Унутсанг, яна-да яхши бўларди.
Вайрон бўлган ишқнинг уйини.
Ўз қалбингда
Тинчимаган сир-
Ўзга қалбда турмас экан жим.
Кундузи улашиб ўзимни
Ҳақ бериб ўтгану кетганга
Тун колди махримга.
Ўнта фарзанд туғди,
Эрининг кўнглига қараб,
Шарқ аёли.
Нима қилдим тўғри бўлди,
Нимаси хато?
Буни фақат бировлар билар, негадир?!
Тош шаҳар, ўн иккинчи қават,
Бир кавакда ғимирлайди чумоли...
Менга ўхшаб.