
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ТАСБЕҲ 2(11)
ТАСБЕҲ 2
ТАСБЕҲ - 11
Тун. Ҳамма ухлади.
Қаранг, қандай бир хил улар,
Уйғонгунларига қадар.
Қуюшқонга сиғмас ижодкор,
Сарҳад унинг ўлими - демак,
Чегарадир унга қабристон.
Сабр таги – олтин эди, воҳ,
Олтин бугун зўрники бўлди,
Томоша-чи, бўлди кўрники.
Итнинг вафо қилганин кўрдим,
Хотиннинг ҳам жафосин, аммо,
Эрман деган эркак қолмади.
Баҳор.
Қон босими ошади дарахтларнинг,
Кўк чой узатади булутлар.
Сен унчалар бадбахт эмассан.
Танимайсан,
Бахтингни холос!
Нафс энг буюк инқилобчидир,
Шайх ёзғирди:
«Нега эслатдинг?!»
Тил тегизма, менинг наслимга,
Доҳо туққан ҳар йили онам,
Отам фақа-а-а-т пода боқмаган.
Анча бўлди шеърлар ёзмадим,
Анча бўлди бехушман, демак,
Тириклигим ёдимдан чиқди.
Деразамни чертади ёмғир,
Чўчиб тушди қўрқоқ сукунат,
Йиғлаб юборди ёлғизлик.
Кўзларимда ёшлар қолмади,
Балиқлари қоқ бўлди охир,
Пешонамнинг шўрини ялаб.