
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
7/3/2025Lirika
Алла айтса, миллат онаси
Hajm:
Алла айтса,
миллат онаси,
Юлдузлар пойига тўкилар.
Осмон тушар оёқ остига,
Фалакнинг чоклари сўкилар.
❦
Алла айтса,
миллат онаси,
Индамай тинглайди дунёлар.
Дув тўкилар, қоя тошлари,
Шаштидан ортига қайтади дарёлар.
❦
Алла айтса,
миллат онаси,
Ватандан хоинлар чиқмагай.
Ўғил-қизи ор деб яшайди,
Келинлар ножинслар туғмагай.
❦
Алла айтса,
миллат онаси,
Номуслар янчилмас, қул қолмас.
Ишқ ичра ёнар жўмардлар,
Ва асло аёли тул бўлмас.
❦
Алла айтса,
миллат онаси,
Томирда ҳур ҳаёт уйғонар!
Оҳ, аёл, аллала, аллангдан,
Аллоҳнинг Арши ҳам тебранар...
Farida Afro'z rasmiy ijodiy arxividan