
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Бемор ётган опамга
Бундай ётма, эҳ, жоним опам,
Тур ўрнингдан, кўзинг оч, гапир.
Ахир сенга ишонган онам,
Сени бизга бош қилган тақдир.
Тур кетайлик чорбоғларингга,
Ёнғоқларинг дув дув тўкилмиш.
Соғинчидан ёрилиб анор,
Беҳиларинг қадди букилмиш.
Ахир унда меҳринг жамулжам,
Новдалардан оқади чак чак.
Ҳар бутоқнинг кўзлари гирён,
Айвонингда қушларинг ҳалак.
Бундай қилма, тур опажон, тур,
Тандирингда нонлар ёпайлик.
Биздан қочиб яшиниб олган,
Болаликни излаб топайлик.
Сен борсанки, сингилдир номим,
Сен борсанки, боламан ҳамон.
Ҳамон шўхлик қўлдан етаклар,
Ўзинг айтган эртаклар томон.
Ўзинсанку ўйин бошимиз,
Хали ғўрмиз, ҳалиям довдир.
Ўйинимиз бузмагин опам,
Тур ўрнингдан, кўзин оч, гапир.
Қўлимни бўшат, болам,
Йўлимни бўшат, болам,
Ўйимни бўшат, болам,
Опамни кўришим керак!
У нодир гавҳаримдир,
Жон ичра жавҳаримдир,
Мен кезган шаҳаримдир,
Опамни кўришим керак!
Менсиз ҳам гуллар олам,
Йиғлайди, кулар олам,
Ой каби тўлар олам,
Опамни кўришим керак!
Худо қилган пайвандим,
Ширин сўз, асал, қандим,
Тўкилар банди-бандим,
Опамни кўришим керак!
Бойлама кўзим ғафлат,
Тош қотма ҳалим шафқат,
Ҳиёнат бу, ҳиёнат,
Опамни кўришим керак!
Шижоат тургин, шайлан,
Занжирлар ўзинг бойлан,
Ер шари секин айлан,
Опамни кўришим керак!