
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Ёнингдаги одаминг
Нима қилса ўша қилади,
Хисобини олар қадаминг.
Сени сендан кўпроқ билади,
Ёнингдаги одаминг.
У не деса, уники ҳақдир,
Ойдек ойдин дардинг, аламинг.
Яхшиликка йўйса, яхшисан,
Ёнингдаги одаминг.
Сотса агар бозоринг ўша,
Сариқ чақа эзгу амалинг.
Хоин бўлса мозоринг ўша,
Ёнингдаги одаминг.
Қуёш бўлсанг соянгдек юрар,
Йўқолади булутли даминг.
Сотқинларга доялик қилар,
Ёнингдаги одаминг.
Нафасидан гуркирар хасад,
Мақтаб туриб берар адабинг,
Тузинг ичиб, тузлиғинг тешар,
Ёнингдаги одаминг.
Нега шундай, бу нечук ғавғо,
Хувиллайди кўнглинг-хараминг.
Ўз холингга қўймайди, илло,
Ёнингдаги одаминг.
Ким у асли: ёринг, биродар,
Сен сиғинган ўшал санаминг!
Одамдан то одамзод қадар -
Ёнингдаги одаминг.
Фарид Афрўз фиғонингни қўй,
Асли чин дўст мушфиқ қаламинг.
Бу азал ва абадул мавзу-
Ёнингдаги одаминг.