
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Бўшлиқ
Бўшлиқ,
сен хавфлисан,
жуда ҳам хавфли,
Эшигинг маҳкам тут, дарвозангни ёп.
Чунки, пойлаб юрар ортингдан хўрлик,
Чунки, ишқибозинг кўпдир, харидоринг кўп.
Бўшлиқ,
бўшашдингми,
аҳволинг ёмон,
Вужудинг қоплайди макр, хиёнат,
Дўстлар ўртасига тушганинг замон,
Бош олиб кетади шўрлик диёнат.
Бўшлиқ,
сен бор жойда,
узилар ришта,
Ота ким, бола ким, таниб бўлмайди.
Ярим аср яшаб ҳам эр билан аёл,
Бир- биридан хафа, кўнгил тўмайди.
Бўшлиқ,
ишон, сендан
қўрқаман жуда,
Уч бошли аждаҳо ямлаб ютасан.
Домингга тортасан яхши, ёмонни,
Заифни пойлайсан, мўртни кутасан.
Бўшлиқ,
ўзингдан кеч,
ўзлигинг унут,
Бағринг оч, қучоғинг борлиққа тўлсин,
Дўстларим қалбидан йироқ кет, фақат,
Бўш жойинг бўлса гар жаннатда бўлсин!