
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Менга нима бўлган, худойим?!
Ёмғир ёғса юрагим йиғлар,
Ой нуридан руҳим мулойим.
Чақмоқ чақса суягим санчар.
Менга нима бўлган, худойим?!
Шамол билан кезаман сарсар,
Юлдуз учса, тафаккур қойим.
Қуёш ёнса ёнаман лов –лов.
Менга нима бўлган, худойим?!
Зилзиладан аввал титрайман,
Кўнглимга келгани ижобат доим.
Кимдир қулоғимга шивирлар тинмай,
Менга нима бўлган, худойим?!
Сирин айтар дарахтлар, гуллар,
Тилга кирар капалакойим.
Қушлар хуркмас, кифтимга қўнар,
Менга нима бўлган, худойим?!
Гул атридан бошим айланар,
Дил оғриса, тиканзор жойим.
Қор учқуни лабим куйдирар,
Менга нима бўлган, худойим?!
Сезимларим бунчалар дилгир,
Руҳим кезар самоларда жим.
Яшолмайман одамдай бўлиб,
Менга нима бўлган, худойим?!
Мен ким ўзи, қисматим нечук?
Коинотни тутадир оҳим.
Ер шари ҳам кафтимда тўптош,
Менга нима бўлган, худойим?!