
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
(60 ёшга кирмаганлар ўқимасинлар)
Дунё қаридими, ё мен қаридим,
Негадир ҳаммаси эскига ўхшар.
Кулиб бўлингандай, йиғлаб бўлинган,
Гўё ер шари ҳам кафтимда титрар.
Дунё қаридими, ё менми, ё, раб,
Отамнинг, онамнинг ёшига етдим.
Умр деганлари шумидир, наҳот,
Наҳот, армонларнинг чоҳига кетдим?!
Куйлаб бўлингандай ишқнинг навоси,
Айтиб бўлингандай энг азиз чорлов.
Муаллақ руҳимнинг ортидан чоптим,
Толидим, чарчадим, сочларим гаров...
Юрагим оғрийди, санчади кўксим,
Бошин қўёлмаслар ханжарзоримга.
Ортимга йўл йўқдир, олдинда гумон,
Довдир вақт зор эмас, менинг зоримга.
Дунё қаридими, ё менми, айтинг,
Айтинг, ахир нега, ҳар сир намоён?!
Ҳар куни кимдандир қоладир кўнглинг,
Енгиллаб бормоқда бу кузги карвон.
Ҳайратга солмайди фасллар рақси,
Эҳтирос тўлқини кетса, қайтмайди.
Дунё сафсатага тўлганю бироқ,
Сенга керак сўзни ҳеч ким айтмайди.
Ўқиб бўлингандай қисмат китоби,
Беш қўлдай аёндир тақдир, кўргулик.
Бир ҳовуч кул қолди умримдан нишон,
Ва бир сўз қолмади ёниб дегулик.
Шукрим сингиб кетди сўнгакларимга,
Сабрим дарчасидан сени танидим.
Аллоҳим, минг йилки сўрайман, қақшаб:
Дунё қаридими, ё мен қаридим?!....