Farida Afrõz Signature Emblem
Farida AfrõzIjodiy Portali
Şe'rlar rõyxatiga qaytiş
Farida Afrõz

Farida Afrõz

Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon

7/2/2025Lirika

Ўғлим Наримонжонга

Hajm:

Болам,

сенинг бахтингга юзга кириб берсайдим,

Соқолларинг

кўксингга тушар эди ўшанда.

Сен келардинг белбоғинг қатига новвот тугиб,

«Мушкулкушод» ўқилган ширмон, майиз ўртада.

Келмаса ҳам

қўлимдан юмушингга бакорлик,

Гарчи ношуд,

бедармон, муштдеккина яримжон.

Бўлсам ҳамки тилимда дуом-қилич ҳам қалқон,

Теккан фойдам ўлмасдан юрсам бўлди, боламжон.

Мен тирик

юрсам магар, бошингдан офтоб ўтмас,

Чанг тегмас имонингга,

чироғли юрган йўлинг.

Молинг талон-тарожмас, мисқолингда барака,

Осмондаги ойга ҳам етар бемалол қўлинг.

Ўшанда ҳеч

бир нокас кесолмагай кўкайинг,

Мавсумий жўралар ҳам

шимиб кетмас суруринг.

Онангни яхши кўрсанг, кафтингга қўнгай жаҳон,

Ҳар қандай ёсуманки, поймол этмас ғуруринг.

Яқинингга йўлолмас

бобонгни енгган девлар,

Қирчинида қийганлар,

давронини сурганлар.

Журъат қилолмас, болам, нафс дегани-балолар,

Қани, ёнлаб кўрсинчи, қилич қайраб турганлар.

Болам,

сенинг бахтингга юзга кириб берсайдим,

Бош оқариб турса бас,

қуриса ҳам илигим.

Онангни яхши кўрсанг, ўзим ўргилай сендан,

Кўзингга қараб туриб, ҳеч келмайди-да, ўлгим!

Farida Afro'z rasmiy ijodiy arxividan