
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Фақат сиз деб яшаб тураман
Сиз кетасиз, кузатаман жим,
Опа, сизнинг уйингиз бошқа.
Яна қайтиб келгунингизча
Сирларимни айтаман тошга.
Эшик инграр, ёпилар ночор,
Оҳ тортади зулфинг ҳам аста.
Яна қайтиб келгунингизча
Кўнгил кўздир, юракдир хаста.
Мен қўрқаман, «дўстман», деганлар
Хилватларда кўзим ўяди.
Яна қайтиб келгунингизча
Аждаҳолар ютиб қўяди.
Ҳар мушкулга топасиз жавоб
Улоқтириб ғамим йироққа.
Яна қайтиб келгунингизча
Айланаман яна сўроққа.
Жим йиғлайман, сизга билдирмай,
Куним - сабр, тунларим - бардош.
Яна қайтиб келгунингизча
Соч оқарар, айлаб қўяр фош.
Ё, Аллоҳим, бу қандай ришта,
Ҳар толаси жондан, бағрдан.
Яна қайтиб келгунингизча
Тўзим сўрай эгам - қодирдан.
Ўзим учун яшамоқ малол,
Пешонамни ҳаққа тутаман.
Яна қайтиб келгунингизча
Фақат сиз деб яшаб тураман.