
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Қизим ГУЛИЖОНга
Икки дунё устуни дуодир, болам,
Дуосизга бу ҳаёт жазодир, болам,
Жазолари бедаво, балодир, болам,
Дуо олганлардан дуо ол, болам.
Тўҳматнинг ёмғири ёғмасин, десанг,
Маломат тошлари ботмасин, десанг,
Ёнингда дўстгинанг сотмасин, десанг,
Дуо олганлардан дуо ол, болам.
Онанг омонатдир, ойдай ботади,
Отанг ғаниматдир, сойдай оқади,
Одамзод туфроқдир, лойдай қотади,
Дуо олганлардан дуо ол, болам.
Мисқолингга барака, хирмонни сўра,
Жонингга чин ёру, жононни сўра,
Ҳар ишда ишқ сўра, давронни, сўра,
Дуо олганлардан дуо ол, болам.
Фалокат тоғини нуратмоқ - шудир,
Касофат боғини қулатмоқ - шудир,
Умр саҳросини гуллатмоқ, шудир,
Дуо олганлардан дуо ол, болам.