
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Марҳум дўстим Муҳаммад ЮСУФга
«Эй, Дўст!» - дединг, хитоб айлаб,
«Дўстман!» - дедим, шитоб айлаб,
Дунёсини офтоб айлаб, туролмадим ёнингда.
«Ҳайём менинг жоним», - дединг,
«Ҳайём менинг қоним» - дедим,
Дунёсини шароб айлаб, туролмадим ёнингда.
Сен куйладинг, жон тиғлади,
Мен куйладим, тош йиғлади,
Дунёсини рубоб айлаб, туролмадим ёнингда.
Бошинг узра учди зоғлар,
Бошим узра кўчди тоғлар,
Дунёсини туроб айлаб, туролмадим ёнингда.
Ич-этингни еди ғурбат,
Ич-этимни еди ғийбат,
Дунёсини хубоб айлаб, туролмадим ёнингда.
Каъбам-кўнглим, ё, ҳу, - дединг,
Кўнглим-каъбам, ё, ҳу, - дедим,
Дунёсини савоб айлаб, туролмадим ёнингда.
Нима қилса, қилди фурсат,
Нима қилса, қилди ғафлат,
Дунёсини ҳароб айлаб, туролмадим ёнингда.