
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Ёмонлиқ йироқ кет, бизлардан
Гул унсин биз босган излардан,
Нур ёғсин, шафақли юзлардан,
Дилларга қузғундай чанг солмай,
Ёмонлиқ йироқ кет, бизлардан.
Яхшилик дунёнинг устуни,
Аразлар кўнгилнинг тугуни,
Бугун-ку, дунёнинг бугуни,
Ёмонлиқ йироқ кет, бизлардан.
Покиза жонларга ин қурмай,
Йўлимиз тўсмоққа шай турмай,
Эзгулик кўксига тиғ урмай,
Ёмонлиқ йироқ кет, бизлардан.
Номигга эгиздир ҳиёнат,
Сенга ёт, бегона диёнат
Сен бор жой мисоли қиёмат,
Ёмонлиқ йироқ кет, бизлардан.
Нафсига қул бўлган, қул бўлар,
Босгани жар тамон йўл бўлар,
Ҳаёти оловда кул бўлар,
Ёмонлиқ йироқ кет, бизлардан.
Шайтонга эргашган қадамсан,
Сен ғаму андуҳсан, аламсан,
Бизданмас, сен ўзга оламсан,
Ёмонлиқ йироқ кет, бизлардан.