
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Баҳор, юр, борайлик қабристонга ҳам
Баҳор, юр, борайлик қабристонга ҳам,
Отамни, онамни кўриб келайлик.
Бир қучоқ чечак ол, яшнасин мозор,
Бир ҳовуч дуом бор, бериб келайлик.
Сен баҳона бормасам, важларим кўпдир,
Менга баҳонадир, қор ҳам, шамол ҳам,
Рўзғорим, корхонам, турфа ташвишлар,
Виждоним қийналар, судралар танам.
Маргқат гумбазлардан жимжит чинқириқ,
Ғамгин наволарга берайлик барҳам.
Қизғалдоқ, отамнинг кулгусидай кул,
Очилиб тургиней, уч кун бўлса ҳам.
Бормасам бўлмайди, кўзлар тўрт бўлди,
Йўлимга термулар мармартош ичра.
Мен бир бор боргунча капалак бўлиб,
Юз бор хабар олди аҳволим узра.
Гарчи, хотирамда кечаю кундуз,
Руҳи руҳим ичра, жони онимда.
Муқаддас жуссасин бағрига олган,
Тупроқ ҳиди бор – соғинч қонимда.
Майли, қабристоннинг сири синоат,
Биз нодон тириклар қайдан билайлик.
Бу жодугар дунёдан қочиб, баҳоржон,
Отамни, онамни кўриб келайлик.