
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ОНА ТИЛИМ
“Она тилим!” десам, бирдан,
Турку турон бош кўтарар,
Тош битиклар, Ўрхун хати,
илму урфон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, ногоҳ,
Қад ростлайди “Алпомиш”лар,
“Гўрўғли”ю “Кун туғмиш”лар,
қадим аркон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, ё, Ҳақ,
Мотуридий, Замахшарий,
Бухорийлар қонда ёққан
нури Қуръон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, масрур,
Берунийнинг қомуслари,
Ибн Сино малҳам тутган
дардга дармон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, мағрур,
Ярим жаҳон тилга кирар,
Силсиласи зилзиладай
Соҳибқирон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, абад,
Навоийдан наво келар,
Беш қитъага нур таратган
бешта достон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, шаҳдам,
Саф тортгайдир Улуғбеклар,
Али Қушчи хушин олган юлдуз,
осмон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, ё, Раб,
Сўз ёнади оташ мисол,
Машрабини дорга осган
ғофил арқон бош кўтарар.
“Она тилим!”десам, йиғлар,
Увайсийлар, Нодиралар,
Момоларим назм этган
латиф Ҳўқон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, ўртаб,
Шаҳид кетган Қодирийлар,
Авлонийлар, Усмон Носир,
Фитрат, Чўлпон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, титраб,
Ғофур Ғулом, Ойбек, Қаҳҳор,
Миртемирлар умрин еган
буюк армон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, шаксиз,
Ҳаққим кўпдир дунёларда,
Буюкларни бот-бот берган
покиза қон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, бугун,
Аждодларим, қаранг, қаранг,
Яна Шарқдан янгиланган
Ўзбекистон бош кўтарар.
“Она тилим!” десам, энди
Ўз тилимда Ўз Бекка хос,
Мен сўз айтсам, бани башар,
жумла жаҳон бош кўтарар.