
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Ўйлабманки
Ўйлабманки,
Бошимда порлаган отам,
Қуёш қанча турса, тураверади.
Ўйлабман,
Онамнинг жони қирқтадир,
Ёнимда биттаси юраверади...
Ўйлабманки,
Болалик кунлар тугамас,
Мангу далаларда чопавераман.
Ўйлабман,
Гўшангам осмону фалак,
Булутларни тўшаб ётавераман.
Ўйлабманки,
Ёргинам ёрлик қилади,
Ташлаб кетолмайди ўлмасдан аввал.
Ўйлабман,
Жигарлар озор бермайди,
Болаларим бахти тўкису тугал.
Ўйлабманки,
Фурсатим ихтиёримда,
Вақтни қувсам, албат, етиб оламан.
Ўйлабман,
Тақдирни ўзгартиб бўлар,
Ғамдан кечаману ишқ-ла қоламан.
Ўйлабманки,
Ҳаётнинг тутгани шарбат,
Заҳарлар ичмайман дўстим қўлидан.
Ўйлабман,
Орзулар-учқур чавандоз,
Ҳасаднинг итлари чиқмас йўлидан.
Ўйлабманки,
Армоннинг манзили бошқа,
Мен билан туташмас йўллари асло.
Ўйлабман,
Айрилиқ бизга хос эмас,
Яқинларим ўлмас, бўлмайман жудо.
Ўйлабманки,
Ташвишлар тугар бир куни,
Кўнглим-ла кетаман, кўнгилзорларга.
Ўйлабман,
Дарёдай юрагим билан,
Ҳайқириб кираман кўкси боғларга.
Ўйлабманки,
Эгнимда шоирлик тўни,
Авлиё ёпинган ҳирқапўш мисол.
Ўйлабман,
Сўзларим эшитар дунё,
Тинглангани каби ҳазрати Билол.
Ўйлабман... Йўқ!
Ўйимга етмадим бугун,
Ки титраб турса ҳам кафтимда олам.
Ўйлабман...
Тушундим, ё, Тангрим, кечир,
Одамлик қилибман, мен нодон Одам!