Farida Afrõz Signature Emblem
Farida AfrõzIjodiy Portali
Şe'rlar rõyxatiga qaytiş
Farida Afrõz

Farida Afrõz

Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon

7/4/2025Lirika

ТАСБЕҲ 33

Hajm:
— 1 —

Тақдирга битилган ҳар нега кўндик,

Тақдир қилмаганидан ҳам,

Кеча олмадик...

❦
— 2 —

Пинхона оғулар тутди дўстларим,

Душманнинг бўйнига илди қилмишин,

Энди менга барибир, ким эди улар...

❦
— 3 —

Сени соғинмадим , йўқ-йўқ ва асло,

Сен хали айтмаган,

Сўзни соғиндим...

❦
— 4 —

Оғирим тушмайди сизга,

Аслида,

Унинг ўзи йўқ!

❦
— 5 —

Шошилиб келади баҳор,

Шошилиб кетади...

Бир кунлик жазманга ўхшаб...

❦
— 6 —

Келсангиз, яшайман,

Келмасангиз, йўқ!

Демакки, ҳаммаси ваъдага боғлиқ!...

❦
— 7 —

Англадим, қисматим-сенсан, муқаррар,

Нега ортга қайтдинг, ахир,

Худо эмассан!

❦
— 8 —

Тош эдинг,

Қўшиқ айтдим,

Тебранди бошинг...

❦
— 9 —

Чорасиз, хижроннинг измига кўндим,

Бироқ,

Менинг измимга кўнмади, юрак!

❦
— 10 —

Шоирнинг умри-

Одамларнинг тилида,

Узаяр!

❦
— 11 —

Хурлик,

Ўгай қизга ўхшайсан,

Қалбимда...

❦
— 12 —

Кетиш яхши,

Кетолсанг, агар,

Кетолмасанг ҳам..!

❦
— 13 —

Кимнидир исми бўлса тилингда,

Хиргойи қилсанг...

Манзил билинмас...

❦
— 14 —

Тушларимда тез-тез учиб турардим,

Қанотларим ўзимда эди,

Ўшанда!...

❦
— 15 —

Яна ёмғир,

Яна кўз ёши...

Мендан ҳам йиғлоқи экансан, осмон!

❦
— 16 —

Бўйнидаги чирмовиғига қарамай,

Гуллайверади,

Атиргул!

❦
— 17 —

Тузоққа илинмасликнинг иложиси йўқ эди

Бу қушчанинг,

Қорни оч эди...

❦
— 18 —

Бир ховуч дон сепдим

Қушларга...

Ҳаммаси ҳам келиб емади...

❦
— 19 —

Қушчанинг қафасида ҳар неси бор эди:

Нон, суви, олма...

Бир озодликдан бошқв.

❦
— 20 —

Шамол эсар,

Хилпирайди пардалар,

Ўчгим келмас, мен ўжар шамман!

❦
— 21 —

Чироқни ўчирди кимдир,

Тун эди, зим-зиё бўлди, ажабо,

Мен сени кўряпман...

❦
— 22 —

Севилганлар –

Дунёнинг энг гўзал –

Одами!

❦
— 23 —

Айрилиқнинг яна бир номи –

“Қадр” экан,

Ажабо!

❦
— 24 —

Сендан кетиб бўлмайди,

Сенга етиб бўлмайди –

Вақт!

❦
— 25 —

Дунёнинг ўз эртаклари бор,

Ҳеч гапмас бизники улар олдида...

Эртакчим...

❦
— 26 —

Мендан нима қолар?

Бир ховуч

Ҳайрат!

❦
— 27 —

Бу одамдай яшамақ оғир...

У одамдай яшамоқ ҳузур...

Салом, сенга ўзимнинг умрим!

❦
— 28 —

Ичингда доимо икки зот яшар,

Қотил бўл,

Хоинни ўлдир!

❦
— 29 —

Қўлида бир ҳовуч тупроқ,

Титрар муҳожир –

Кафтидаги отасига термулиб...

❦
— 30 —

Ўкиришни билмайди юрак, бўридай,

Балки, билар, аммо,

Ўрмонлар йўқ, яқин атрофда...

❦
— 31 —

Осмон йироқ,

Ер ҳам юмшоқ бўлмай қолди,

Сен келиб...

❦
— 32 —

Қўнғир қоялардан шошар шаршара,

Кафтингда сув тутасан...

Ирмоққа айланар кўнглим...

❦
— 33 —

Мен қўшиқ билмайман, ёмғирдан ортиқ,

Шамолдай авжини ололмайман ҳам,

Шеър ёзиб бераман уларга бот-бот!

Farida Afro'z rasmiy ijodiy arxividan