
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ТАСБЕХ 33
Саёҳат-
На фақат, кучингни, вақтингни,
Дардингни ҳам олади.
Ҳеч ким бўлмасанг,
Ҳеч кимга
Керак эмассан!
Сени тушунмоқ,
Сенга кўникмоқ-
Ошқозонни ўйламай яшашдай оғир.
Ажинларинг санама,
Оппоқ сочда не гуноҳ?
Яшамоқни билмаган – ўзинг!
Сен менинг жонимда яшайсан,
Ҳар оним, қонимда яшайсан –
Гуноҳ!
Ношуд - ота,
Ноқабил – она…
Арава тортади бозорда бола ….
Аҳамияти борми,
Кулба у ва ёки қаср,
Севги чироқ бўлган хонага.
Ёмғир ёғди....
Юрак санчиди....
Мисралар йиғлади....
Фикрим,
Тўзғитма, мени,
Шамол ҳафа бўлади...
Тун... Бедорлик...
Таважжуҳ намозимсан –
Шеърим.
Шафқат дарёси,
Бунчалар улкансан,
Сендан итлар ҳам сув ичар.
Ором, сенга раҳмат,
Яхшиям ташлаб кетдинг,
Шеър ёздим.
Бермаган гулларинг,
Сўлиб қолай деяпди, ахир,,
Сен келгунингча!
Тобутга томон ҳамма боради.
Бормасликнинг имкони ҳам йўқ.
Бормай кўр-чи.
Том, шу тўрт девор…
Қанчалар яхши кўраман сени –
Қўрғоним!
“Ёлғон дунё!” қилдик,
Бу рост дунёни
Алдайвериб, бир-биримизни!
Аёл -
Одамдан одам ясаб -
Юксалди.
Телевизор симини уздим,
Жимлик. Қандай яхши я?!
Ўзимни экранда кўряпман, энди.
Қилни қирқ ёрдим,
О, фақат,
Дилингни эмас.
Ҳамма билимдонлар ҳам,
қанийди,
доно бўлганларида!
У эски бир шаҳарнинг эски кулбасида,
Эски курсида,
Янгилик яратди.
Сен мени ўқийолмадинг,
Китоб дўконидаги
Сотувчи каби.
Мени тушунган
Одам –
менинг Ватаним!
Оёғимнинг,
Сенга боролмаган
Товонлари оғрийди...
Қаттиқ сўзни
мулойимлик билан айтсанг ҳам,
қаттиқлик қилади.
Қамиш кесилгач най бўлади,
Қўй сўяётган қассоб-
Жаллод найчидир...
«Балким...» деган сўзни яхши кўраман,
Умид бор, илинж бор бу сўзда.
Ҳеч бўлмаса «Эҳтимол...»дегин!
Қоплон эди у,
Мушук бўлди...
Бир чақмоқ қанд учун циркда.
Бу ҳарсангга дарз кетибди,
Ажабо, наҳотки,
Тилга кирар энди бу Юрак?!
Кутиш ҳар ҳолда куттириш эмас,
Аммо,
Иккиси ҳам умр эгови...
Мен Муқимий хужрасида туриб ўйладим,
Ковуши қаёқда экан, Муқимийнинг?
Аслида бўлганмиди?..
Қовжирашни билмас сунъий гул,
На баҳори бор, на қиши унинг,
Мангулиги жонингга тегар.
Учрашмайлик, йиллар ўтди, қўй,
Синфдошим – биринчи севгим.
Гўзал хотирамга тегма, гўзалим.