
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
ТАСБЕҲ 1 (11)
ТАСБЕҲ 1
ТАСБЕҲ 11
Сендан гўзал гул йўқ дунёда,
Сендан хушбўй, сендайин майин,
Отам қабрин яшнатган янтоқ.
Зўр олим бўлдим-да,
Ҳўп, ўқидим, ўргандим, уқдим -
Сени унутмоқлик илмини.
Бир думалаб бола бўлсайдим,
Худо раҳмат отам, онамнинг,
Бир бора қўлига сув қуяр эдим.
Йиғласам гар сен учун эмас,
Ўзим-учун ҳам йиғламадим, йўқ,
Пешонамни ўқидим холос.
Тонг отмасдан безовта хўроз:
«Зулмат ичра қолмасин жаҳон!»
Шўрлик маъсул янги кун учун.
Тупроқ ютар экан чувалчанг,
Ўйлар: менман тупроқнинг жони,
Қандай ширин она тупроғим!
Ёдга тушса онам алласи,
Руҳим учар арши-аълога,
Вужуд қолар ерда судралиб...
Жуда узоқ кўрмадим сени,
Нафас олдим, нафасим бердим,
Кипригимни қоқмай кутяпман.
Мен чивинга ҳеч ким эмасман,
Қоним ичди ўзи, не илож,
Қондошингни ўлдириб бўлмас.
Тувакдаги гулдай олифта,
На ҳиди бор, наки чирмовиқ,
Ҳатто пашша қўнмас баргига.
Сен менга ҳеч дўст бўлолмайсан,
Айтчи, қачон, қандай чумоли,
Кўтаролган филнинг юкини?!