
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Гар йигитнинг гулисан, кўргиликнинг қулисан.
Тулпор минган чавандоз,
Келбатларинг, бай - бай соз,
Изинг тўла ишқибоз,
Қадамингни ўйлаб бос -
Гар йигитнинг гулисан,
кўргиликнинг қулисан.
Омад кетса қўлингдан,
Илон чиқар қўйнингдан,
Қайтса қайтди шайтонлар,
Сен қайтмадинг йўлингдан -
Гар йигитнинг гулисан,
кўргиликнинг қулисан.
Нафснинг туби асли жар,
Бу жар фақат қон ичар,
Эвоҳ, уни шароб деб,
Кимлар сенга жом тутар -
Гар йигитнинг гулисан,
кўргиликнинг қулисан.
Жабр қилсанг дилдошга,
Заҳар тушар ризқ, ошга,
Армон олса ёқангдан
Пешонангни ур, тошга -
Гар йигитнинг гулисан,
кўргиликнинг қулисан.
Сотқин чиқса ҳамдамлар,
Алдаб кетса санамлар,
Униб чиқар кўксингдан
Куртак отган аламлар -
Гар йигитнинг гулисан,
кўргиликнинг қулисан.
Бошинг етса осмонга,
Салом қилгин кетмонга,
Сени малак туққанмас,
Кўйлак оббер онангга -
Гар йигитнинг гулисан,
кўргиликнинг қулисан.