
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Синглим Саодатга
Биламан,
қиз бола палахмон тоши,
Бирга туғилса-да ўзга йўлдоши,
Соғиндим,
не қилай, ёнди бардошим,
Синглим,
йўлларингга қараб яшайман.
Хавотир
ханжардир, жонимни тилар,
Соғинчга қўшилиб садпора қилар,
Оҳ, қачон
жон синглим-жаҳоним келар,
Синглим,
йўлларингга қараб яшайман.
Менсиз ҳам
кунларинг кулиши мумкин,
Яримта ойлар ҳам тўлиши мумкин,
Соғинчдан
одамзод ўлиши мумкин,
Синглим,
йўлларингга қараб яшайман.
Гарчи
ўртамизда ёвлар кам эмас,
ўчирмоқ истарлар, қуёш шам эмас,
Ёнимда
турсанг бас, ғамлар ғам эмас,
Синглим,
йўлларингга қараб яшайман.
Жилғадек
оқсак бас, дарё керакмас,
Ёлғонлар тўйдирган, ғавғо керакмас,
Бизга
дийдор керак, дунё керакмас,
Синглим,
йўлларингга қараб яшайман.