
Farida Afrõz
Õzbekistonda xizmat kõrsatgan madaniyat xodimi, şoira, adiba, tarjimon
Азиз жоним, ширин жоним
Азиз жоним,
ширин жоним,
титроқларинг япроқмиди,
Умр шоми парда ташлар, қўлингдаги чироқмиди?..
Азиз жоним,
ширин жоним,
Қай манзилда топдик озор,
Меҳр дашти биёбондир, кўрганимиз маёқмиди?..
Азиз жоним,
ширин жоним,
қани ёрлар, қайда дўстлар,
Тили бошқа, дили бошқа ёнингдаги йироқмиди?..
Азиз жоним,
ширин жоним,
Юрак йиғлар халоват йўқ,
Қайга етдик, нени топдик, билганимиз сўроқмиди?...
Азиз жоним,
ширин жоним,
Кўнгил нечук инграйверар,
Ишқ дегани наҳот, азоб, бошдин оёқ қийноқмиди?..
Азиз жоним,
ширин жоним,
Банди- бандим тўкилди-ку,
Гул умримга алишганим
шу бедаво фироқмиди?
Азиз жоним,
ширин жоним,
Юр, кетайлик, Фарид Афрўз
макон топган осмонмиди, тупроқмиди?..